Яқиндаги ҳарбий зиддиятлар сабабли тўхтаб қолган Эрон футбол чемпионати қайта тикланиши мумкин. Euroasia нашри маълумотига кўра, камида икки нафар хорижлик футболчига мамлакатга қайтиш ва жамоага қўшилиш бўйича расмий таклифнома юборилган.
Клублар юборган ҳужжатларда ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувдан сўнг вазият босқичма-босқич барқарорлашаётгани айтилган. Шунингдек, клублар хавфсизлик масаласи тўлиқ назорат остида эканига ва барча чоралар тегишли тузилмалар билан мувофиқлаштирилганига кафолат бермоқда. Гарчи тайёргарлик бошланган бўлса-да, чемпионат тақдири бўйича якуний тўхтамга келинмаган. Эрон футбол федерацияси ва клублар раҳбарияти икки хил сценарийни кўриб чиқмоқда:
- Турнирни муддатидан олдин якунлаш;
- Мавсумнинг қолган қисмини давом эттириш.
Ушбу масала бўйича расмий қарор 18 апрель куни эълон қилиниши кутилмоқда.
Вазият кескинлашган паллада Эрон ҳукумати халқаро турнирларни бойкот қилиш, ҳатто Жаҳон чемпионатидан воз кечиш эҳтимоли ҳақида баёнотлар берган эди. Бироқ, бу таҳдидлар расмий тус олмади. Масалан, “Трактор” клуби Саудия Арабистонида Элита Чемпионлар Лигаси доирасидаги ўйинини ўтказди. Эрон миллий терма жамоаси эса Шимолий Америкада ўтадиган Жаҳон чемпионатига тайёргарликни бошлаш арафасида турибди.
Эслатиб ўтамиз, ҳарбий ҳаракатлар бошланган вақтда Эронда жами 40 нафар легионер тўп сураётган эди. Исроил ва АҚШ ҳужумлари бошлангач, улар мамлакатни Туркия, Озарбайжон ва БАА орқали шошилинч тарк этишга мажбур бўлишган. Айрим футболчилар клуб ёрдамида, бошқалари эса чегараларда соатлаб навбат кутиб, ўз кучлари билан чиқиб кетишган.
Маълумот учун, айни пайтда Эрон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг 5 нафар футболчиси — Рустам Ашурматов (“Истиқлол”), Одил Ҳамробеков (“Трактор”), Жалолиддин Машарипов (“Истиқлол”), Игор Сергеев (“Персеполис”) ва Остон Ўрунов (“Персеполис”) тўп тепади.

Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун, аввал