Ирландияда иммиграция ва бошпана қоидаларини кучайтиришга қаратилган янги чоралар эълон қилинди. Вазирлар аҳолининг тез ўсиши ва бошпана сўровчилар сонининг кўпайиши уй-жой ҳамда давлат хизматларига жиддий босим ўтказаётганини айтмоқда. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Адлия вазири Жим O’Каллаган ҳукумат аҳоли ўсишининг “ташвишли” суръати ва бошпана сўровларининг кескин кўпайишига жавоб бериши зарурлигини айтди.
2024 йил аҳолимиз 1,6 фоизга кўпайди, бу Европа Иттифоқидаги ўртача кўрсаткичдан етти баравар юқори. Аҳолининг ўсиши ижобий, аммо бу суръат ташвишли, деди у.
Ирландия аҳолиси 2025 йил апрель ойида тахминан 5,46 миллион кишига етди. Соф миграция эса 2022-йилдан буён деярли икки бараварга ошиб, йилига ўртача 72 минг кишини ташкил этмоқда. Бу ҳолат қисман ишлаш учун рухсатномалар, оилаларни бирлаштириш ва украиналик қочқинларнинг келиши билан боғлиқ.
Бошпана сўровлари ҳам кескин ошган. 2024-йилда 18 651 киши ҳимоя сўраб мурожаат қилган ва бу рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Таққослаш учун, 2023-йилда бу рақам 13 276 кишини ташкил этган.
Сўнгги йилларда бошпана изловчилар сонининг кўпайиши норозилик намойишлари ва тартибсизликларга сабаб бўлди. Ўтган ой Дубльиннинг жануби-ғарбида 1 000 га яқин миграцияга қарши намойишчилар полиция билан тўқнашди. Бунга бошпана сўровчилар жойлаштирилган меҳмонхона ҳудудида бир боланинг жинсий зўравонликка учрагани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлди.
- Кескин қоидалар
Ҳукумат томонидан тасдиқланган янги чора-тадбирлар Ирландия миграция тизимидаги сўнгги йилларнинг энг муҳим ислоҳотларидан бири сифатида баҳоланмоқда. Улар қуйидагиларни назарда тутади:
Ишлаётган бошпана изловчилар давлат томонидан таъминланаётган турар жой харажатларига ўз даромадининг 10–40 фоизини тўлашга мажбур бўлади. Бу чора тахминан 7 500 кишига таъсир кўрсатади.
Европа иқтисодий ҳудудидан ташқаридаги қариндошларини олиб келмоқчи бўлган ариза берувчилар йилига камида 44 000 евро (50 997 доллар) даромад олаётганини ҳамда мос уй-жойга эга эканини исботлаши керак.
Шу билан бирга, қочқинлар учун фуқаролик олиш қоидалари ҳам қатъийлаштирилади. Доимий яшаш муддати талаби уч йилдан беш йилга оширилади, айрим ижтимоий нафақаларни узоқ муддат олган шахслар эса бундан мустасно этилади.
Ҳукумат, шунингдек, агар шахс “давлат хавфсизлигига таҳдид” деб топилса ёки оғир жиноят учун ҳукм қилинган бўлса, муҳожирни бошпана мақомидан маҳрум қилиш ҳуқуқига эга бўлади, деди O’Каллаган.
Шунингдек, ҳукумат айрим таълим йўналишлари орқали талаба визаларидан узоқ муддатли яшаш мақсадида нотўғри фойдаланилаётгани ҳақидаги хавотирлар сабаб уларни чеклаш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.








