Ирландия мамлакатни ўз ихтиёри билан тарк этадиган қочқинлар учун тўловларни оширмоқчи. Молия вазири Паскал Доногю бу миграция тизимини янада самарали қилиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда DublinLive хабар берди.
Адлия вазири Жим O’Каллаган ёрдам миқдорини жисмоний шахслар учун 2 500 еврогача, оилалар учун эса 10 минг еврогача оширишни режалаштирмоқда. Fine Gael партиясининг Карло шаҳрида ўтган конференциясида Доногю бу қарорни изоҳлади. Молия вазири депортациялар адолатли тизимни сақлаб қолишда муҳим рол ўйнаши, аммо улар қимматга тушиб, узоқ давом этишини айтди.
“Ҳозирда вазир O’Каллаган одамлар Ирландияни тезроқ ва самаралироқ тарк этиши учун чоралар кўриб чиқаётганидан хабардорман”, деди Доногю.
Унинг сўзларига кўра, бу қарор Адлия вазирлиги бюджети доирасида қабул қилиниши мумкин. Доногю ҳукумат иқтисодиёт ва жамиятнинг очиқлигини қўллаб-қувватлаши, аммо аниқ ва шаффоф миграция қоидаларига интилишини айтди. 2024 йилда Ирландияда жами 18 651 киши бошпана сўраб мурожаат қилган, бу аввалги рекорддан 5 000 дан ортиққа кўпдир. 2024 йилнинг дастлабки тўрт ойида мурожаат қилганларнинг 2 461 нафари Нигериядан бўлган.








