Францияда катта шов-шувга сабаб бўлган ўғриликдан сўнг, хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсадида 2026 йил охиригача Лувр музейи атрофидаги ҳудудга яна 100 та ташқи видеокамера ўрнатиш режалаштирилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Музейи директори Лоран де Карнинг 19 ноябрь куни Миллий Мажлис эшитувларида берган маълумотига кўра, мазку ташаббус 2025-йилнинг октябрь ойидаги шов-шувли ўғрилик ҳодисасидан кейин хавфсизликни кучайтириш чора-тадбирлари доирасида амалга оширилмоқда. Лоран де Кар Париж полицияси билан алоқалар мустаҳкамланишини ва Лувр ҳудудида такомиллашган полиция бўлими ташкил этилишини маълум қилган.
19 октябрь куни кундузи содир бўлган ўғрилик пайтида тўрт нафар ўғри 102 миллион доллар қийматидаги қимматбаҳо заргарлик буюмларини олиб қочган эди. Ушбу воқеа сабаб, музей ўз экспозициясидаги баъзи қимматбаҳо буюмларни Франция банки биносига трансфер қилган.
Хавфсизликдаги камчиликлар
Терговчилар босқинчиликда иштирок этганликда гумон қилинган тўрт нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилган бўлса-да, ўғирланган жавоҳирлар ҳалигача топилгани йўқ. Расмийлар музейнинг ташқи деворлари етарли даражада кузатув камераси билан қопланмаганини, айниқса, ўғрилик юз берган балкон қисмида мутлақо камера йўқлигини тан олган.
Ўғриликдан сўнг Франция расмийлари Лувр музейи 2025 йил охиригача қўшимча хавфсизлик чораларини, жумладан, бостириб киришга қарши қурилмалар ва автомобиль билан бузиб киришга қарши тўсиқлар жорий этилишини таъкидлаган эди.
Санъат асарлари харидига сарфланган ортиқча маблағ
Франциянинг Давлат аудити органи (Cour des Comptes) томонидан октябрь ойида эълон қилинган ҳисоботда, музейнинг ўз инфратузилмасини янгилашга қодир эмаслиги, молиявий ҳолат санъат асарларини харид қилишга ҳаддан ташқари кўп маблағ сарфлангани сабабли ёмонлашгани айтилган эди. Бироқ, Лоран де Кар қонунчиларга мурожаат қилиб, шундай деган:
“Мен бу харидлар учун тўлиқ жавобгарман, чунки улар мамлакатимиз ва коллекцияларимиз фахри ҳисобланади. Бу ишга миллий коллекцияни бойитиш билан рақобатлашиш деб қарамаслик лозим”.








