“Манчестер Сити” 23 ёшли инглиз футболчиси, “Ньюкасл”нинг ўнг қанот ҳимоячиси Валентино Ливраментога жиддий қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда журналист Бен Жейкобс X (собиқ Twitter) саҳифасида маълум қилди.
Унга кўра, “шаҳарликлар” 2026-йилнинг ёзги трансфер ойнаси вақтида уни ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилиб кўради. Шунингдек, журналистнинг ёзишича, Валентинога Манчестернинг бошқа бир жамоаси “Манчестер Юнайтед” ҳам қизиқиш билдирмоқда, аммо “қизил иблислар” ҳозирча Ливраменто бўйича аниқ таклиф юбормаган.
“Манчестер Сити” жорий мавсум бошланишидан олдин ҳам ҳимоячига қизиқиш билдирган ва у учун 65 миллион фунт стерлинг (тахминан 75 миллион евро) таклиф қилишга тайёр экани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ трансфер номаълум сабабларга кўра амалга ошмаган.
“Ньюкасл” эса футболчини сотмоқчи эмас. Шу боис клуб раҳбарияти футболчини жамоада сақлаб қолиш учун уни энг юқори маош олувчи футболчилардан бирига айлантиришни режалаштирмоқда. “Қарғалар” Ливраментога олти йиллик янги шартнома таклиф қилишни мўлжалламоқда.
Ливраменто ҳозирги клуб билан 2028 йил ёзигача шартнома имзолаган. Transfermarkt портали футболчининг бозор қийматини 40 миллион еврога баҳоламоқда. Жорий мавсумда у саккизта учрашувда майдонга тушиб, бирта голли узатма амалга оширган.








