Эфиопиянинг жанубида хавфли Марбург вируси тарқалиши бошланди. Бу ҳақда Африка касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказларига таяниб, The Guardian хабар берди.
Марбург — энг хавфли геморрагик вируслардан бири бўлиб, қон кетиши, юқори иситма, қусиш ва диареяни келтириб чиқаради. Унинг инкубация даври 21 кунгача етиши мумкин. Мутахассислар касалликдан ўлим даражаси 25 фоиздан 80 фоизгача етишини билдирмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Аданом Гебреесус мамлакатда тўққизта касалланиш ҳолати аниқланганини айтди. Эфиопия миллий лабораторияси вируснинг мавжудлигини тасдиқлаган. Шунингдек, у илгари Шарқий Африкада қайд этилган штаммларга ўхшаш экани таъкидланмоқда.
Мамлакат расмийлари Жинка ҳудудида эпидемиологик суриштирув ва касаллик тарқалишини жиловлаш бўйича ишларни бошлаган. Бунгача Танзанияда январь ойида Марбург вируси тарқалиши оқибатида 10 киши вафот этганди. Эпидемия март ойида тўхтаган. Руандада эса 2024 йил вирусдан 15 киши жон берди.
Вирусга қарши тайёр вакцина йўқ, аммо симптомларни даволаш ва сувсизланишнинг олдини олиш беморларнинг омон қолиш имкониятини оширади. Ўтган йили Руандада Сабин ваксиналар институти томонидан ишлаб чиқилган экспериментал вакцина синовдан ўтказилганди.








