Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Исроилнинг минтақадаги ҳаракатлари барқарорликка хавф туғдираётганини таъкидлаб, ислом дунёси мамлакатларини унга қарши санксиялар қўллаша чақирди. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.
Эрдўғон тегишли баёнотни Қатарда ўтказилаётган Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари лигаси қўшма саммитида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
“Айрим давлатларнинг Фаластин давлатини тан олиш ниятини билдириши, шубҳасиз, ижобий қадам. Бу илгарироқ амалга оширилганида яхши бўларди. Бироқ, агар бу қадамлар Исроилга қарши аниқ ва кучли санксиялар билан қўллаб-қувватланмаса, уларни ҳаётга татбиқ этиш мушкул бўлади”, деди Туркия президенти.
У томонлар Исроилга қарши чораларни кучайтириш учун дипломатик саъй-ҳаракатларни жадаллаштириши ва Исроил ҳукуматини суд олдида жавобгарликка тортиш учун халқаро ҳуқуқ механизмларидан фойдаланиши кераклигини таъкидлади.
“Биз биламизки, Исроил қисқа муддатда кучли реакция ва санксияларсиз тўхтамайди, балки оккупация ва беқарорлик сиёсатини тезлаштиради”, деб тушунтирди Эрдўғон.
У Исроилга иқтисодий жиҳатдан ҳам босим ўтказиш тарафдори бўлди.
“Энди баъзи соҳаларда ўз-ўзимизни таъминлашимиз зарур. Бу, аввало, тийиб турувчи мудофаа саноати ва ривожланишга тааллуқли. Биродарларимиз, сизлар билан ўз қобилиятларимиз ва тажрибамизни баҳам кўришга тайёрлигимизни билишингизни хоҳлайман. Туркия бир ярим йил олдин Исроил билан барча савдо алоқаларини тўхтатган эди. Шу тарзда, биз йилига 9,5 миллиард доллардан воз кечдик”, деди сиёсатчи.








