Халқаро футбол ассоциацияси (FIFA) 2026-йилги Жаҳон чемпионати олдидан офсайд қоидасига ўзгартириш киритиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Cadena SER нашри хабар берди.
Янги таклифга кўра, футболчи бутун танаси тўп ва рақиб ҳимоячисидан олдинда бўлса, офсайд деб топилади. Яъни, энди футболчининг фақат қўли ёки елкаси олдинда бўлиши офсайд ҳисобланмайди.
Бу ўзгариш ҳакамлар ишини енгиллаштириш ва кичик тафовутлар сабаб юзага келадиган баҳсли эпизодларни камайтириш учун жорий этилмоқда. FIFA мазкур масала бўйича якуний қарорни 2026 йил март ойида бўладиган конгрессда қабул қилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2026-йилги Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтади. Турнир тарихда илк бор 48 та терма иштирок этади. Гуруҳ босқичи учун қуръа 2025 йил 5 декабрь куни ўтказилади. Чемпионатнинг очилиш маросими Мехикода, финал эса Нью-Жерсидаги “MetLife” стадионида бўлиб ўтади.
Мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ҳам қатнашади. Жамоа италиялик мутахассис Фабио Каннаваро бошчилигида турнирга тайёргарлик кўрмоқда.








