Меҳнат мигрантлари ва спорт соҳасидаги ҳуқуқлар билан шуғулланувчи нодавлат ташкилот Халқаро футбол федерацияси (FIFA) этик қўмитасига расмий шикоят юборди. Мазкур ташкилот FIFA президенти Жанни Инфантинони этика қоидалари бузганликда айбламоқда. Бу ҳақда The Athletic нашри хабар қилди.
Манбага кўра, шикоятда Инфантинонинг сиёсий бетарафлик талабига риоя қилмагани алоҳида таъкидланган. Унда FIFA президентининг АҚШ президенти Дональд Трампни очиқча қўллаб-қувватлаган бир қатор ҳолатлари санаб ўтилган:
- Инфантино Трамп номзодини Тинчлик бўйича Нобель мукофотига илгари суришга ҳаракат қилган.
- Маямидаги бизнес форумда FIFA раҳбари сифатида иштирок этиб, Трампни мақтов билан тилга олган.
- Инфантино 2026-йилги Жаҳон чемпионати қуръа ташлаш маросимида ҳам Трампнинг сиёсатини ижобий баҳолаган.
- Жорий йилнинг январь ойида Инфантино Трампнинг президентликка қайта тайинлангани учун уюштирган тадбирига таклиф қилгани учун миннатдорчилик билдирган видеони эълон қилган ва уни: “Биргаликда нафақат Американи, балки бутун дунёни яна буюк қиламиз”, дея якунлаган.
Шунингдек, шикоятда FIFA Тинчлик мукофотининг ташкил этилиши ва уни Трампга топшириш жараёнига ҳам эътибор қаратиш сўралган. Ташкилотга кўра, мукофотни таъсис этишда FIFA Кенгаши ёки вице-президентлар билан маслаҳатлашув бўлмаган; номинантлар, мезонлар, ҳайъат аъзолари ва танлов жараёни умуман мавжуд эмас.








