Миср разведкаси раҳбари Ҳасан Рашод 21 октябрь куни Қуддусда Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху билан учрашди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.
Маълум қилинишича, суҳбатнинг мақсади АҚШ қўллаб-қувватлаган Ғазо бўйича сулҳни мустаҳкамлаш бўлган.
“Бош вазир Биньямин Нетаньяху ва унинг мутахассислар жамоаси Миср разведкаси раҳбари билан Қуддусдаги бош вазир идорасида учрашди. Учрашув чоғида президент Трампнинг режасини илгари суриш, Исроил–Миср муносабатларини мустаҳкамлаш, икки мамлакат ўртасидаги тинчликни янада ривожлантириш ҳамда бошқа минтақавий масалалар муҳокама қилинди”, дейилади баёнотда.
Гап АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан илгари сурилган, дастлабки сулҳни ўз ичига олган Ғазо бўйича “йўл харитаси” ҳақида кетмоқда. Мисрнинг давлатга яқин Extra News нашрининг хабар беришича, Рашод Исроилда бўлиб турган АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф билан ҳам учрашади. Рашоднинг Қуддусга сафари Исроил ва ҲАМАС ўртасида эълон қилинган сулҳ бошланганига бир ҳафтадан ортиқ вақт ўтган пайтга тўғри келди.
Ғазода ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги декларация
Мисрнинг Шарм-аш-Шайх шаҳрида 13 октябрь куни 20 дан ортиқ дунё етакчилари иштирокида халқаро “тинчлик саммити” бўлиб ўтди. Унда Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги декларация имзоланди.
Воситачи давлатлар ҳисобланган Миср, Қатар, Туркия, АҚШ Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишувни расман тасдиқловчи ҳужжатни имзолади. Тўрт давлат келишувларга риоя этилишининг кафиллари бўлишга розилик билдирди.








