“Манчестер Юнайтед” ҳимоячиси Ҳарри Магуайр клубда қолишни истамоқда. Инглиз футболчиси янги шартнома имзолаш учун маошини қисқартиришга тайёр. Бу ҳақда TeamTALK нашри хабар берди.
32 ёшли футболчининг манкунианликлар билан шартномаси жорий мавсум якунида ўз ниҳоясига етади. Ҳозирча томонлар ўртасида уни узайтириш бўйича музокаралар бошлангани йўқ. Бироқ Ҳарри жамоада қолишни истамоқда.
Манбаларга кўра, Магуайр ҳозирда йилига 9,9 миллион фунт стерлинг (солиқлардан кейин 5,43 миллион фунт) миқдорида маош олади.
Магуайр Англия Премьер Лигаси 8-туридан ўрин олган баҳсда “Ливерпуль” дарвозасига гол киритиб, жамоасига 2:1 ҳисобида муҳим ғалабани тақдим этди. Ўйиндан кейин футболчи шартномаси борасида фикр билдирди:
“Бу ерда узоқ вақтдан бери ўйнайман, шу боис “Энфилд”да ғалаба қозонолмаётганимиз менга оғир ботар эди. Тўғрисини айцам, бу ҳолат кўп вақтдан бери хаёлимдан кетмас эди. Жамоа билан шартномам якунланишига оз фурсат қолди, демак, бу стадионда “Манчестер Юнайтед” футболчиси сифатида сўнгги марта ўйнаётган бўлишим мумкин. Шу сабаб бу сафар ғалаба қозониш мен учун жуда муҳим эди.”
Магуайр “Манчестер Юнайтед” сафида 2019 йил ёзидан бери ўйнаб келмоқда. Шу вақт ичида у клуб сафида 254 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 17 та гол ва 9 та голли узатма ёздириб қўйган. Ҳимоячининг манкунианликлар билан шартномаси 2025/26-йилги мавсум охиригача амал қилади.








