“Ан-Насср” ҳамда Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду Жаҳон чемпионати саралаш босқичида яна бир тарихий рекордни янгилади. У Венгрияга қарши баҳсда (2:2) дубль қайд этиб, ЖЧ саралаш босқичлари тарихида энг кўп гол урган футболчига айланди.
Роналду бу натижадан сўнг ўзининг X (собиқ Twitter) саҳифасида қуйидаги сўзларни ёзди:
“Ҳеч кимга сир эмаски, миллий терма жамоа сафида ўйнаш мен учун жуда катта шараф. Шунинг учун ҳам Португалия номидан бундай тарихий маррага етганимдан фахрланаман. Менга бу йўлда ёрдам берган барчага раҳмат. Энди ноябрда Жаҳон чемпионатига йўлланмани расмийлаштиришга ҳаракат қиламиз”, дейди 40 ёшли ҳужумчи.
Маълумот учун, ҳозирча Португалия “Ф” гуруҳида 4 та ўйиндан сўнг 10 очко билан биринчи ўринда бормоқда. Иккинчи ўриндаги Венгрия эса улардан 5 очкога ортда қолмоқда. Гуруҳ ғолиби мундиалга тўғридан-тўғри йўлланма олса, иккинчи ўрин эгаси плей-оффда иштирок этади.
Португалия навбатдаги учрашувларини ноябрь ойида ўтказади. Дастлаб, 11 ноябрда Ирландия майдонига сафар уюштирса, 16 ноябрь куни ўз майдонида Арманистонни қабул қилади. Мазкур беллашувлардаги ғалабалар жамоага мундиал йўлланмасини нақд қилиши мумкин








