Афғонистон пойтахти Кобулда 15 октябрь куни кечқурун 2 та портлаш қайд этилди. Бу ҳақда Arab News хабар берди.
“Толибон” матбуот котиби Забиҳуллаҳ Мужоҳиднинг айтишича, нефть ташувчи юк машинаси ва генератор портлаб, пойтахтда ёнғин келиб чиққан. Кўчаларда тез тиббий ёрдам машиналари тинимсиз ҳаракатланмоқда. “Толибон” хавфсизлик кучлари эса шаҳар марказини ўраб олган.
Сўнгги ҳафталарда Кобул ва чегара ҳудудларида қуролли тўқнашув ва портлашлар авж олган. “Толибон” бу ҳужумларни Покистон билан боғламоқда. Исломобод эса узоқ вақтдан бери Кобулни ўз ҳудудида Покистон Толибон ҳаракати (Таҳрики Толибон Покистон) томонидан бошқариладиган жангариларни яширишда айблайди. Аммо Кобул бу айбловни рад этади.








