Daryo

Ғазо сектори аҳолиси аста-секин шимолга қайтмоқда

Ғазонинг жанубий қисмидан секторнинг шимолий қисмига ва аксинча ҳаракатланиш Рашид қирғоқ йўли ва Салоҳиддин шоссеси бўйлаб рухсат этилган.

2 дақиқа ўқиш2 201 кўришлар0 изоҳ2

Исроил мудофаа армияси (САҲАЛ) Ғазо сектори аҳолисининг анклавнинг шимолий қисмига қайтишига рухсат берганини, бироқ фақат белгиланган йўналишлар бўйича қайтиш мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда The Times of Israel газетаси САҲАЛнинг расмий вакили Аваихай Адраининг баёнотига асосланиб хабар бермоқда.

Яқин Шарқ ОАВнинг маълумотларига кўра, Ғазодаги кузатувчилар илгари кўчирилган аҳолининг аста-секин анклавнинг шимолий ҳудудларига қайтаётганини хабар қилмоқда.

Адраининг айтишича, Ғазонинг жанубий қисмидан секторнинг шимолий қисмига ва аксинча ҳаракатланиш Рашид қирғоқ йўли ва Салоҳиддин шоссеси бўйлаб рухсат этилган. 

САҲАЛ фаластинликларни келишув доирасида Исроил армияси кучлари жойлашган ҳудудларга яқинлашмаслик ҳақида огоҳлантирди. Қўшинлар қисман олиб чиқилганидан сўнг, Исроил Мудофаа кучлари ҳозирда Ғазо сектори ҳудудининг ярмидан кўпроғини назорат қилмоқда. Унинг асосий қисми шаҳар ҳудудларидан ташқарида жойлашган.

Бунга Ғазо чегараси бўйлаб тўлиқ буфер зонаси, шу жумладан Миср ва Ғазо ўртасидаги чегара зонаси бўлмиш Филаделфия йўлаги, шунингдек, секторнинг энг шимолида жойлашган Байт-Ханун ва Байт-Лаҳия, Ғазо шаҳрининг шарқий чеккасидаги қирлар ҳамда Ғазо жанубидаги Рафаҳ ва Хон Юнуснинг катта қисмлари киради. 9 октябрь куни Исроил ва ҲАМАС радикал ҳаракати Миср воситачилигида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди. Келишув 10 октябрь куни Исроил қўшинлари Ғазо секторидан қисман олиб чиқилганидан сўнг кучга кирди.

Ҳужжатга кўра, томонлар жанговар ҳаракатларни бутунлай тўхтатиш ва гаровга олинганлар ҳамда маҳбусларни алмашиш учун хавфсиз шароитларни таъминлаш мажбуриятини олади.

ҲАМАС келишув доирасида гаровга олинган 48 кишини, жумладан, ҳалок бўлган исроилликларнинг жасадларини топшириши керак. Бунга жавобан Исроил 2 мингга яқин фаластинлик маҳбусни озод қилади, уларнинг орасида 250 га яқини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган, шунингдек, Ғазодаги жанговар ҳаракатлар пайтида қўлга олинган бир неча юз киши бор.

Келишувни амалга ошириш бошлангандан сўнг, САҲАЛ ўз бўлинмаларининг бир қисмини сектор ичидаги бир қатор позициялардан олиб чиқиши ва асосий хавфсизлик чегаралари устидан назоратни сақлаб қолиши керак. Қўшинларнинг олиб чиқилиши Ғазонинг келгуси мақоми ва демилитаризация чораларини муҳокама қилишни назарда тутувчи кенгроқ тартибга солиш жараёнининг биринчи босқичи ҳисобланади.

Бундан аввал АҚШ президенти Дональд Трамп якшанба куни Яқин Шарққа келиб, ўз тинчлик режаси асосида Исроил ва ҲАМАС ўртасида эришилган келишувларнинг бажарилишини шахсан кузатиши хабар қилинганди.

Andijondanman. Oʻzbekiston Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universiteti hamda Xalqaro Nordik universitetini (magistr) tamomlaganman. “Daryo”da 2019-yildan beri muxbir boʻlib ishlayman va maxsus materiallar, tenderlar, sud hukmlari, tarjimalar bilan shugʻullanaman. 2025-yilda “Oltin qalam” milliy mukofotini olganman. Tarixiy film va seriallarni koʻrishni xush koʻraman. Eng sevimli asarim Togʻay Murodning “Otamdan qolgan dalalar” kitobidir.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар