Daryo

Ғазо секторидаги қурбонлар сони 66 мингдан ошди

Исроил армияси сўнгги вақтларда сектордаги касалхоналарни нишонга олмоқда. Шу сабаб тез тиббий ёрдамга муҳтож беморлар шифохоналарни тарк этишга мажбур бўлмоқда.

1 дақиқа ўқиш1 450 кўришлар0 изоҳ0

Исроил армиясининг қамал остидаги Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида 2023 йил 7 октябрдан буён ҳалок бўлган фаластинликлар сони 66 050 нафарга етди. Бу ҳақда Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, Anadolu хабар берди.

Ҳудудга уюштирилган бомбардимонларда 27 ва 28 сентябрь куни камида 79 киши ҳалок бўлган, яна 379 нафари турли даражадаги тан жароҳатларини олган. Маълумотларга кўра, Исроил армияси 2024 йил 18 март куни ҲАМАС билан 19 январда эришилган ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни бузган. Шундан буён амалга оширилган ҳужумлар 13 137 фаластинликнинг умрига зомин бўлиб, 56 121 киши жароҳатланган.

Май ойида АҚШ билан ҳамкорликда ташкил этилган ёрдам тарқатиш марказларига уюштирилган ҳужумларда ҳалок бўлганлар сони 2 566 нафарга етган, 18 769 нафари жароҳатланган. Умуман олганда, 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазо секторида Исроил ҳужумлари оқибатида тан жароҳати олганлар сони 168 162 нафарга етган. Айни дамда ҳам минглаб жабрланувчиларнинг жасадлари вайрон бўлган бинолар остида қолмоқда.

Исроил армияси Ғазонинг энг йирик тиббий мажмуаси – Аш-Шифо шифохонасига зарбалар беришни давом эттирмоқда. Маҳаллий шифокорларнинг айтишича, бутун кварталлар ер билан яксон қилинмоқда, беморлар ваҳимада хавфсиз жой излаб жон сақлашга уринмоқда.

Шифохона бош шифокори Ҳасан Аш-Шоирнинг таъкидлашича, муассасада камида 100 нафар бемор оғир аҳволда қолмоқда. Ҳаёт учун зарур дори-дармон ва тиббий ускуналар тақчиллиги эса вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.

“Биз ниҳоятда оғир шароит ва доимий қўрқув остида ишлашда давом этяпмиз. Баъзи беморлар зудлик билан ёрдамга муҳтож бўлишига қарамай, хавфсизлик сабабли шифохонани тарк этишга мажбур бўлмоқда”, дейди Аш-Шоир.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар