Daryo

Исроил Ғазодаги мактаб яқинига берган зарбасидан камида 10 киши ҳалок бўлди

Ҳодисадан аввал Исроил қўллаб-қувватлайдиган қуролли гуруҳ ва маҳаллий аҳоли ўртасида тўқнашув келиб чиқди. Фаластинликлар уларни мактабдан одамларни ўғирлашга уринишда айблади.

2 дақиқа ўқиш3 497 кўришлар0 изоҳ1

Исроил ҳарбийларининг Ғазо сектори марказидаги мактаб яқинига уюштирган ҳаво ҳужуми оқибатида камида 10 киши ҳаётдан кўз юмди, кўплаб инсонлар жароҳатланди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.

Воқеа Ғазо сектори марказидаги Ал Мағозий қочқинлар лагеридан шарқда содир бўлган. Гувоҳлар ва тиббиёт ходимларининг сўзларига кўра, аввалига Исроил томонидан қўллаб-қувватланадиган қуролли гуруҳ аъзолари ва маҳаллий аҳоли ўртасида тўқнашув келиб чиққан. Фаластинликлар ушбу гуруҳни мактабдан одамларни ўғирлашга уринишда айблаган.

Тўқнашувлар қизиган паллада Исроил дрони ҳудудга қарата иккита ракета учирган. Ҳужум қочқинлар зич жойлашган маҳаллага тўғри келгани сабабли қурбонлар сони кўп бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Гувоҳ Аҳмад ал-Мағозийнинг сўзларига кўра, аҳоли ўз уйларини ҳимоя қилишга уринаётган вақтда тўғридан тўғри нишонга олинган.

Кейинроқ Исроил қўллаб-қувватлайдиган гуруҳ раҳбари видеомурожаат орқали 5 нафар ҲАМАС аъзосини ўлдирганини иддао қилди. ҲАМАС бу борада изоҳ бермаган бўлса-да, Исроил назоратидаги ҳудудларда фаолият юритаётган бундай гуруҳларни “Исроил айғоқчилари” деб атади.

Душанба, 6 апрель кунги бошқа ҳодисалар оқибатида қурбонлар сони 12 нафарга етди. Ғазо шаҳрида мотоциклда кетаётган фаластинлик ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлди (бир бола яраланди). Ғазо марказида Исроил ҳарбийлари бир транспорт воситасини ўққа тутди, якунда яна бир киши ўлдирилди.

Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) ҳозирча мазкур учта ҳодиса бўйича расмий изоҳ бермади. Ғазода 2025 йил октябрь ойида кучга кирган ўт очишни тўхтатиш режими ўта мўрт ҳолатда қолмоқда. Томонлар келишувни бузишда бир-бирини айблаб келади.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, келишув бошланганидан бери Исроил ҳужумлари оқибатида 700 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Исроилнинг даъво қилишича, худди шу давр мобайнида Ғазодаги жангарилар ҳужуми оқибатида 4 нафар исроиллик аскар қурбон бўлган.

АҚШ президенти Дональд Трамп таклиф қилган тинчлик режаси йўлидаги асосий тўсиқ сифатида ҲАМАСнинг қуролларни топширишни рад этаётгани кўрилмоқда. ҲАМАС қуролланишдан воз кечиш масаласини муҳокама қилишни фаластинликларга қарши геноцидни давом эттиришга уриниш деб баҳолади.

2023 йил 7 октябрдаги ҲАМАС ҳужуми оқибатида Исроилда 1 200 киши ҳалок бўлган эди. Шундан сўнг Исроил томонидан бошланган икки йиллик ҳарбий кампания оқибатида Фаластин томонида қурбонлар сони 72 мингдан ошиб кетди. Уруш бутун минтақани харобага айлантириб, очарчилик ва аҳолининг оммавий кўчишига сабаб бўлди.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар