Мадриднинг “Атлетико” клуби ҳужумчиси Хулиан Алварес ёзги трансфер ойнаси вақтида “Барселона”га ўтиши мумкин. El Nacional нашрининг ёзишича, аргентиналик футболчи каталонияликлар ҳужум чизиғидаги бўшлиқни тўлдириши мумкин.
Маълумотларга кўра, Роберт Левандовски ушбу мавсум якунида “Барселона”ни тарк этиши мумкин. Чунку полшалик форваднинг “кўк-анорранглилар” билан шартномаси 2026-йилнинг ёзида якунига етади. Клуб эса унинг ўрнига муносиб ўринбосар изламоқда. 25 ёшли Алварес эса клуб талабларига мос келадиган ҳужумчи сифатида кўрилмоқда. Қолаверса, аргентиналик футболчининг ўзи “Атлетико”ни тарк этиб, “Барселона”га ўтишга қарши эмас. Сабаби уни “матрасчилар” устози Диэго Симеоне билан муносабатлари яхши эмаслиги айтилмоқда.
Бироқ трансферни амалга оширишда асосий тўсиқ — футболчининг юқори нархи бўлиши мумкин. Transfermarkt портали Алвареснинг қийматини 100 миллион евро деб баҳолаган. Шунингдек, “матрасчилар”нинг ўзи ҳам Хулианни сотишга қарши эканлигини айтилмоқда. Аммо 100 миллион еврони молиявий қийин даврни бошидан ўтказаётган “Барселона” тўлай олмаслиги мумкин.
Шунингдек, “Барселона” ўзининг “Б” режасини ҳам тузиб қўйган. Агар каталонияликлар Алварес трансферини амалга ошира олмаса, “Бавария” ҳужумчиси Ҳарри Кейнни сотиб олиши мумкин. Чунки инглиз форвардининг мюнхенликлар билан шартномасида 2026-йилнинг ёзида исталган клуб уни 65 миллион еврога сотиб олиши мумкинлиги кўзда тутилган. “Барселона” эса ушбу бандни фаоллаштирмоқчи.








