Испаниянинг “Атлетико Мадрид” клуби ҳужумчи Хулиан Алварес трансфери бўйича ўз қарорини белгилаб олди.
Diario Sport нашри хабарига кўра, мадридликлар аргентиналик футболчини фақат 100 миллион евродан юқори таклиф тушган тақдирдагина сотиш масаласини кўриб чиқишга тайёр.
Манбага кўра, “Барселона” ҳам футболчига қизиқиш билдирмоқда. Бироқ каталониялик клубнинг ҳозирги молиявий ҳолати ушбу трансферни амалга оширишни деярли имконсиз қилмоқда.
Шунингдек, Аргентина терма жамоаси аъзоси доимий равишда “Барселона” кузатувида бўлиб турибди. Бироқ “Атлетико Мадрид” яқин вақт ичида ўзининг Ла Лигадаги рақиблари билан музокара ўтказишни режалаштирмаяпти.
Ҳозирда Алваресни сотиб олиш бўйича Англиянинг “Арсенал” клуби асосий даъвогар сифатида кўрилмоқда. Лондонликлар ёзги трансфер ойнасида ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида аргентиналик форвардни ўз сафига қўшиб олишга тайёр.
Алвареснинг “Атлетико Мадрид” билан шартномаси 2030 йилгача амал қилади ва клуб футболчи учун 431 миллион фунт стерлинг миқдорида товон пули белгилаган. Шунга қарамай, жамоа Англия клубларидан келадиган тахминан 129 миллион фунт атрофидаги таклифларни кўриб чиқиши мумкин.
“Шуни таъкидлаш керакки, ‘Атлетикў футболчини сотишга муҳтож эмас ва ёзги трансфер ойнаси олдидан таркибда кескин ўзгаришлар қилишни режалаштирмаяпти. Бу молиявий қийинчиликларни бошдан кечираётган ‘Барселона’ учун жиддий зарба бўлди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, жорий мавсумда Хулиан Алварес “Атлетико Мадрид” сафида жами 41 та учрашувда майдонга тушиб, 16 та гол ва 7 та голли узатмага муаллифлик қилган. Transfermarkt портали 26 ёшли футболчини 100 миллион еврога баҳолаган. Унинг клуб билан шартномаси 2030 йил ёзигача амал қилади.








