“Интер Майами” клуби ярим ҳимоячиси Серхио Бускетс 2025-йилги мавсум сўнгида профессионал футболчилик фаолиятини якунлайди. Бу ҳақда испаниялик футболчи ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
“Футболда менга ҳамроҳ бўлганларнинг барчасига раҳмат айтаман. Сизлар доим бу тарихнинг бир қисми бўлиб қолаверасиз”, деб ёзди Бускетс.
37 ёшли тажрибали ярим ҳимоячининг “Интер Майами” билан шартномаси 2025 йил охиригача амал қилади.
Бускетс профессионал фаолиятини 2008-йилда “Барселона” сафида бошлаган. У Каталония клубида 15 мавсум давомида тўп суриб, кўплаб совринларни қўлга киритган. 2023-йилнинг ёзида у АҚШнинг MLS лигасида иштирок этувчи “Интер Майами” клуби билан шартнома имзолади.
Шунингдек, у Испания терма жамоаси сафида 143 та ўйин ўтказиб, 2 та гол ва 9 та ассистга муаллифлик қилган.








