Англиянинг “Ливерпуль” клуби Мадриднинг “Атлетико” жамоасида тўп сураётган аргентиналик ҳужумчи Хулиан Алваресни ўз сафига қўшиб олмоқчи. Бу ҳақда Фичажес нашри хабар берди.
Манбага кўра, мерсисайдликлар 25 ёшли футболчини келаси ёзги трансфер ойнасида сотиб олишни режалаштирмоқда. Қолаверса, Алвареснинг ўзи ҳам жамоани ўзгартиришга қарши эмас. Инглиз клуби раҳбарияти футболчини нафақат марказий ҳужум чизиғи, балки ҳар икки қанотда ҳам ўйнай олиши сабабли сотиб олишни мўлжалламоқда.
Алваресга нафақат “Ливерпуль”, балки Испаниянинг “Барселона” клуби ҳам жиддий қизиқиш билдирмоқда. Аввалроқ аргентиналик ҳужумчи фаолиятини “кўк-анорранглилар” сафида давом эттиришга тайёр эканлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Transfermarkt портали футболчининг қийматини 100 миллион еврога баҳоламоқда. “Атлетико” эса футболчини қўйиб юбормоқчи эмас. Бироқ Хулиан кетишни истаса, клуб сотиб юборишга мажбур бўлади.
Маълумот учун, жорий мавсумда Алварес Ла Лига доирасидаги бешта ўйинида майдонга тушиб, ўз ҳисобига битта гол ва битта голли узатма ёздириб қўйган. Унинг клуб билан шартномаси 2030-йилнинг ёзига қадар амал қилади.








