Судандаги Эл-Фашер шаҳрида Тезкор ёрдам кучлари (Rapid Support Forces — RSF) қуролли гуруҳининг дрон ҳужуми оқибатида масжидда ибодат қилаётган 75 киши ҳалок бўлди. Бу The Guardian хабар берди.
Ҳужум шаҳарнинг Ал-Даража ҳудудида содир бўлган, бу ерга илгари Абу Шоук қочқинлар лагеридан кўчган аҳоли жойлашган эди.
“Жасадлар масжид вайроналари остидан чиқариб олинди”, деди фавқулодда ёрдам кучлари вакиллари.
Ушбу ҳужум Эл-Фашерда 2025 йилда содир бўлган энг қонли ҳужумлардан бири сифатида таърифланмоқда. RSF ҳодисага ҳозирча изоҳ бергани йўқ. RSF ва Судан қуролли кучлари ўртасида 2023 йил апрель ойидан буён фуқаролик уруши давом этмоқда. Эл-Фашер — Дарфурдаги мамлакат армиясига тегишли сўнгги йирик таянч нуқта ҳисобланади. Шаҳар бир йилдан ортиқ вақтдан бери қуршовда қолмоқда.
Ел университетининг Гуманитар тадқиқотлар лабораторияси маълумотларига кўра, RSF Эл-Фашер атрофида пахса девор қурмоқда. Бундан мақсад шаҳардаги аҳолини қамалда ушлаб туришдир. Сунъий йўлдош тасвирлари RSF кучларининг турли ҳудудларда, жумладан Абу Шоук лагери ва собиқ БМТ тинчлик базаси атрофида ҳам ҳаракат қилаётганини кўрсатган.
Шаҳар ва унинг атрофи сўнгги ойлар давомида артиллерия ва дрон ҳужумларига мунтазам дучор бўлмоқда. Август ойининг 10 куни давомида камида 89 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган. БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича бош комиссарлиги айрим ўлимлар “судсиз ўлдириш” ҳолатига ўхшаш эканини билдирган.
БМТнинг янги ҳисоботига кўра, 2025 йилнинг январь–июнь ойларида Судан бўйлаб, асосан Дарфурда, камида 3 384 нафар одам ҳалок бўлган. Бу рақам 2024 йилдаги қурбонларнинг 80 фоизига тенг.








