Судандаги фуқаролар уруши қўшни Чад ҳудудига ҳам сизиб ўтиши ортидан мамлакат ҳукумати 23 февраль куни шарқий чегараларни ёпишга қарор қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги манбаларига таяниб хабар берди.
Чегарадаги қонли тўқнашув
Маълум қилинишича, ўтган дам олиш кунлари чегара ҳудудидаги Тин шаҳрида Суданнинг “Тезкор ёрдам кучлари (ТЁК) ва ҳукуматга содиқ армия ўртасида шиддатли тўқнашувлар юз берган. Оқибатда Чад армиясининг 5 нафар аскари ва 3 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, яна 12 киши жароҳатланган.
Тин шаҳридаги чегара қўшинлари зобити ҳарбийлар ўлимини тасдиқлади ва Чад томонидаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун қўшимча хавфсизлик чоралари зарурлигини таъкидлади. Айни пайтда ҳудудга қўшимча ҳарбий бўлинмалар ташланмоқда.
Чад ҳукумати 23 февраль куни эълон қилган расмий баёнотида чегаралар кейинги кўрсатмагача ёпиқ қолишини билдирди. Бунга Судандаги низолашаётган томонларнинг Чад ҳудудига мунтазам равишда бостириб кираётгани сабаб қилиб кўрсатилган.
“Ушбу чора низонинг бизнинг тупроқларга тарқалишининг олдини олиш, фуқароларимиз ва қочқинлар хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, мамлакат барқарорлиги ва ҳудудий яхлитлигини кафолатлашга қаратилган”, дейилади ҳукумат хабарида.
Вазиятнинг кескинлашуви
Суданда 2023 йил апрель ойида мунтазам армия ва ТЁК ўртасида бошланган уруш вақти-вақти билан Чад ҳудудига ҳам о таъсирини ўтказмоқда. Ўтган 2025 йилда ҳам дрон ҳужуми оқибатида икки нафар чадлик аскар ҳалок бўлган эди.
Экспертларнинг фикрича, вазият кундан кунга жиддийлашиб бормоқда.
“Бир нарса аниқ: хоҳлаймизми-йўқми, Чад энди бу можаронинг билвосита иштирокчисига айланиб улгурди”, деди Экстремизмнинг олдини олиш ва ривожланишни ўрганиш маркази раҳбари Аҳмат Яқуб.








