Daryo

“Толибон” Афғонистон университетларида аёллар ёзган китобларни тақиқлади

Олий таълим тизимида аёллар муаллифлигидаги китоблардан дарслик сифатида фойдаланиш тақиқланди. Улар “Толибон” сиёсатига ва шариатга зид деб топилди. Тақиққа эронликлар томонидан ёзилган китоблар ҳам киради.

2 дақиқа ўқиш1 290 кўришлар0 изоҳ0

“Толибон” ҳукумати Афғонистон олий таълим тизимида аёллар муаллифлигидаги китобларни дарслик сифатида фойдаланишни тақиқлади. Бунда инсон ҳуқуқлари ва жинсий зўравонлик ҳақида дарс беришни ман қилиш ҳам кўзда тутилган. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Маълум қилинишича, жами 680 та китоб шариат ва “Толибон” сиёсатига зид деб топилган, уларнинг 140 таси аёллар томонидан ёзилган. Ҳатто “Кимё лабораториясида хавфсизлик” каби илмий-услубий қўлланмалар ҳам бу рўйхатдан жой олган.

Шунингдек, университетларга 18 та фанни ўқитиш тақиқлангани билдирилмоқда. Ман қилинган фанларнинг 6 таси айнан аёллар ҳақида: улар орасида “Гендер ва тараққиёт”, “Аёлларнинг коммуникациядаги роли” ва “Аёллар социологияси” кабилар бор.

Таълимда бўшлиқ вужудга келди

Китобларни кўриб чиқиш бўйича тузилган қўмита аъзоси аёллар ёзган барча китоблар дарслик сифатида фойдаланилмаслигини тасдиқлаган. Адлия вазирининг собиқ ўринбосари, тақиқланган китоблар муаллифларидан бири бўлган Закия Адели бу қарордан ажабланмаганини билдирган.

“Толибон сўнгги 4 йил ичида қилган ишларини инобатга олсак, ўқув дастурига бундай ўзгартиришлар киритилиши ажабланарли эмас. Аёлларнинг ўзи ўқишга қўйилмаса, уларнинг фикрлари, қарашлари ва ёзганлари ҳам инобатга олинмайди”, деди у.

BBCга кўра, янги тартиблар август ойи охирида эълон қилинган. Афғонистон Олий таълим вазирлиги академик ишлари бўйича директор ўринбосари Зиёурраҳмон Арёбий университетларга юборган мактубида бу қарорлар диний уламолар ва мутахассислар ҳайъати томонидан қабул қилинганини билдирган.

Форс муаллифларининг китоблари ҳам нишонда

Тақиқ фақат аёллар ёзган асарларгагина эмас, балки эронлик муаллифлар ёки Эрон нашриётлари чоп этган китобларга ҳам тааллуқли. Қўмита аъзоларидан бири BBC’га бу чорани “форсча ғояларнинг Афғонистон ўқув дастурига кириб келишининг олдини олиш” билан изоҳлаган.

Университетларга юборилган 50 саҳифалик рўйхатда жами 679 та китоб бор, шулардан 310 таси эронлик муаллифлар ёки Эрон нашрларига тегишли. Бир университет профессори (исмини ошкор қилмаслик шарти билан) бу тақиқ оқибатида юзага келадиган бўшлиқни тўлдириш деярли имконсиз бўлишини айтмоқда.

“Эрон муаллифлари ва таржимонларининг китоблари Афғонистон университетларини глобал илмий ҳамжамият билан боғловчи асосий кўприк эди. Уларнинг йўқ қилиниши олий таълимда катта бўшлиқни юзага келтиради”, деди у.

Кобул университети профессори эса, бундай шароитда дарсликларни ўқитувчиларнинг ўзлари тайёрлашга мажбур бўлаётганини билдирган.

“Муаммо шундаки, бу дарсликлар жаҳон стандардларига мос ҳолатда ёзиладими йўқми — бу ҳозирги энг долзарб савол”, деди у.

Шу ҳафта ичида “Толибон” олий раҳбари фармони билан мамлакатнинг камида 10 провинциясида оптик толали интернет узиб қўйилган. Бу ҳаракат расмийлар томонидан ахлоқсизликнинг олдини олиш билан изоҳланган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар