АҚШ президенти Дональд Трамп унинг мамлакати Бағрамдаги ҳарбий база устидан назоратни тиклаш ниятида эканини айтди. Бу ҳақда у Буюк Британия бош вазири Кир Стармер билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ Афғонистонни тарк этиши чоғи стратегик объектни сақлаб қолишни истаган.
Биз Бағрамни — йирик ҳарбий авиабазани, дунёдаги энг катта авиабазалардан бирини — сақлаб қолмоқчимиз. Биз уни уларга текинга бериб юбордик. Айтганча, ҳозир уни қайтариб олишга уринмоқдамиз, деди Трамп.
Аэродром 1950-йилларда қурилган. 1979-1989-йиллардаги совет ҳарбий кампанияси даврида у аскарларни жойлаштириш учун муҳим марказлардан бирига айланган. 2001-йилдан бошлаб Бағрам АҚШ назоратига ўтган. Америка қўшинлари 2021-йилда ўз армиясини Афғонистондан олиб чиқиш жараёнида Бағрамни тарк этган.
Трамп аввал ҳам Бағрамни қайтариш ниятида эканини, сабабли у Хитой назоратига ўтиб кетганини даъво қилганди. Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий буни “ҳақиқатдан йироқ” деб атаган. У Афғонистон мамлакатда ҳар қандай хорижий ҳарбийларнинг бўлишига қатъий қарши эканини билдирди.
Афғонистон ва афғон халқи ҳатто бир қарич ерда ҳам хорижий ҳарбийлар бўлишини қабул қилмайди. Президент Трамп бу хабарни эшитиши керак. Бошқа давлатлар ҳам тушуниб етишлари керакки, биз олиб бораётган алоқалар фақат сиёсий ва иқтисодий йўналишда, деган Мутаққий.
У ҳеч бир давлат билан ҳарбий алоқалар олиб борилмаганини ва келгусида бундай алоқалар ўрнатмаслигини айтди. Сиёсатчи Афғонистон ҳукумати халқаро ҳамжамият билан сиёсий, иқтисодий ва дипломатик алоқаларга содиқлигини таъкидлади.








