Непалда ҳукуматга қарши намойишларда қатнашаётган Ген-З ҳаракати вакиллари мамлакат муваққат ҳукумати раҳбари лавозимига Олий суднинг собиқ раиси Сушила Каркини тайинлашни таклиф қилди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситаларига асосланиб хабар бермоқда.
Кҳабарҳуб маълумотларига кўра, у бош вазир лавозимини эгаллашга розилик билдирган, бу эса уни Непал ҳукуматини бошқарган биринчи аёлга айлантиради.
Намойишчилар Каркини тайинлаш масаласини армия штаби бошлиғи Ашок Раж Сигдел билан муҳокама қилишни режалаштирмоқда.
Бундан олдин мамлакат бош вазири Шарма Оли ҳокимиятни коррупция ва иқтисодий муаммоларда айблаган оммавий намойишлар бошланганидан сўнг истеъфога чиқишга мажбур бўлганди.
Сушила Карки Непал Олий судини бошқарган биринчи аёл ва суд тизимидаги коррупцияга қарши курашчи сифатида танилган.
4 сентябрь куни Непал ҳукумати Facebook ва Instagram каби бир қатор ижтимоий тармоқларга киришни чеклади. Бу ҳолат фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлиб, улар оммавий намойишлар уюштирди. Намойишлар давомида одамлар автомобилларни ёқиб юбордилар, йўлларни тўсиб, ҳатто президент, бош вазир ҳамда бошқа сиёсатчиларнинг қароргоҳларига ўт қўйди. Мамлакат ҳукумати 9 сентябрь куни чекловларни бекор қилганига қарамай, намойишлар ва тартибсизликлар тўхтамаяпти.
Полиция билан тўқнашувлар натижасида 30 нафар намойишчи ҳалок бўлди, юзлаб киши жароҳат олган.Непалда сиёсий беқарорлик 2008-йилдан буён, яъни монархия тугатилганидан бери давом этиб келмоқда. Ўшандан бери мамлакатда 14 та ҳукумат алмашинган.








