Daryo

Исроилнинг Доҳага ҳужуми — Қатар қандай жавоб қайтаради?

Ушбу ҳужум нафақат Қатар раҳбарияти томонидан, балки минтақадаги бошқа араб давлатларининг жиддий норозилигига сабаб бўлди. Хўш, Исроил ҳужумининг дипломатик оқибатлари қандай бўлади? Араб давлатларининг Исроилга бўлган қарашлари ўзгарадими? Қуйида шу ҳақида сўз юритилади.

5 дақиқа ўқиш1 862 кўришлар0 изоҳ1
Исроилнинг навбатдаги нишони — Қатар бўлди. 9 сентябрь куни Исроил ҳаво кучлари Қатар пойтахти Доҳадаги ҲАМАС ҳаракатининг қароргоҳига зарба берди. Ҳужум вақтида бинода ҳаракат раҳбариятининг йиғилиши ўтказилаётган эди. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху операция олдиндан режа қилинганини билдириб, ҳужум учун жавобгар эканини тасдиқлади.

Ушбу ҳужум нафақат Қатар раҳбарияти томонидан, балки минтақадаги бошқа араб давлатларининг жиддий норозилигига сабаб бўлди. Ваҳоланки, Қатар ҲАМАС ва Тель-Авив ўртасида бораётган музокарада воситачи ролида эди. Хўш, Исроил ҳужумининг дипломатик оқибатлари қандай бўлади? Араб давлатларининг яҳудий давлатига бўлган қарашлари ўзгарадими? Қуйида шу ҳақида сўз юритилади.

Ҳужум тафсилотлари


Сешанба куни, маҳаллий вақт билан 15:00 атрофида Қатар пойтахти Доҳада бир нечта портлашлар эшитилди ва осмонга қоронғи тутун кўтарилди. Орадан кўп ўтмай, Исроил ҳарбийлари Доҳага ракета билан зарба берганини тасдиқлади ва у ҲАМАСнинг сиёсий етакчиларига қаратилганини  билдирди.


Ҳужум арафасида ҲАМАС раҳбарлари АҚШ президенти Дональд Трампнинг таклифини муҳокама қилгани ҳаракатнинг Доҳадаги қароргоҳига йиғилган эди. Исроил ҲАМАС раҳбарларини қаерда бўлишидан қатъи назар нишонга олишини узоқ йиллардан бери айтиб келади. Исроил Қатарни воситачи сифатида кўпинча ма’қуллаган бўлса-да, уни гуруҳга етарли босим ўтказмаганликда айблаган.


Исроил қуйидаги шахсларни нишонга олган эди.


  • · Ҳалил ал-Ҳайя — Ғазодаги ҲАМАС раҳбари ва асосий музокарачи, ҲАМАСнинг беш кишилик вақтинчалик бошқарув кенгашининг муҳим аъзоси.
  • · Заҳер Жабарин — ҲАМАС молия бюросининг раҳбари ва Ғарбий Соҳил бўйича етакчи, шу жумладан ҲАМАСнинг молиявий тармоғини бошқаради.
  • · Ҳалед Машаал — ҲАМАСнинг собиқ сиёсий бюро раиси ва ташқи алоқалар бўйича собиқ раҳбари. У беш кишилик вақтинча кенгаш аъзоси сифатида ҳам қайд этилган.
  • · Муҳаммад Исмаил Дарвиш (Абу Омар Ҳассан) — ҲАМАС Шура Кенгаши раиси ва сиёсий бюронинг вақтинча кенгаш аъзоларидан биридир.


Ҳужум оқибатида Ҳалил ал-Ҳайянинг ўғли — Ҳимам ал-Ҳайя, офис дирекори — Жиҳад Лабад, уч нафар соқчи, шунингдек, бир нафар Қатар ички хавфсизлик ходими ҳалок бўлган.


Минтақавий оқибатлар қандай?


Исроилнинг Доҳадаги ҲАМАС раҳбариятига қарши ҳужуми минтақадаги араб давлатлари орасида кескин норозилик уйғотди. Қатар ҳужумни “барча халқаро қонун ва нормаларнинг очиқ бузилиши” ва “жиноят” сифатида қоралади. Унинг қўшниси Саудия Арабистони Қатарга тўлиқ бирдамлик билдириб, Исроилни минтақани беқарор қилаётганликда айблади.


Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА), Уммон, Миср, Сурия, Ливан ва Туркия Қатар атрофида бирдамлик кўрсатиб, ҳужумни халқаро ҳуқуқнинг бузилиши сифатида баҳолади.


АҚШнинг энг нуфузли ва таъсирли ташқи сиёсат ҳамда халқаро муносабатлар бўйича тадқиқот ва таҳлил маркази мутахассиси — Эллиотт Абрамс, ўз мақоласида Исроил Доҳани ҲАМАСга сиёсий ва молиявий ёрдам беришда айблаб келгани ва сўнги вақтларда араб давлатлари ҳамда Исроил ўртасидаги муносабатлар мураккаб ҳолатга келиб қолганини тилга олиб  ўтган.


“Қатарлик ва бошқа араб расмийлари норозилик билдиргани ажабланарли эмас. Исроил 2024 йил июль ойида ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳанияни Теҳронда ўлдирган эди. Бироқ бу сафар улар араб пойтахтини нишонга олишди. Яна ҳам оғирроғи – Қатар Исроил гаровдагиларини озод қилиш ва сулҳ тузишга воситачилик қилаётган асосий давлат эди.


Расмий муносабатлар яхши бўлишига қарамай, Исроил расмийлари Доҳани ҲАМАСга сиёсий ва молиявий ёрдам беришда, шунингдек, Al Jazeera орқали Исроилни халқаро жамоатчилик кўз ўнгида обрўсизлантиришда айблаб келаётган эди.

Араб давлатлари Қатарни қўллаб-қувватлаб чиқишди. Улар буни ҲАМАСни ёқтиришгани учун эмас, балки Исроилнинг араб суверенитетига қилган ҳужуми учун амалга оширишди.


Исроилнинг Миср ва Иордания билан алоқалари аллақачон таранг эди. БАА расмийлари эса Исроилни Ғарбий Соҳилни аннексия қилиш оқибатларидан огоҳлантириб келмоқда. Бу суиқасд уринишлари жуда нозик бир даврда содир бўлди. Араб дунёсида кўплаб расмийлар ҲАМАСни беқарорлик манбаи деб билишади. Аммо Исроилнинг сўнгги икки йилдаги Ғазодаги ҳарбий амалиётлари фонида ҲАМАС катта обрў қозонди. Доҳада раҳбариятни нишонга олиш – араб жамоатчилигида янги таранглик туғдиради
”, дея ёзган таҳлилчи.


Ҳужумнинг ҲАМАС келажаги учун аҳамияти

Ҳужум амалга оширилганидан сўнг Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху чиқиш қилиб, ҳужум қилиш тўғрисидаги қарор душанба куни қабул қилингани, бунга 8 сентябрь куни Қуддусда рўй берган теракт сабаб эканини таъкидлаган.


“Исроил Қуддусдаги кечаги терактдан сўнг ҲАМАС раҳбариятини йўқ қилишга қарор қилди. Террорчиларнинг раҳбарлари дахлсизликдан фойдаланган даврлар тугади”, деган Исроил бош вазири.


Reuters хабарига кўра, теракт оқибатида 6 киши ҳалок бўлган. ҲАМАС ушбу суиқасд учун жавобгарликни ўзига олган.


“Бош вазир Бенямин Нетаньяху ва унинг маслаҳатчилари музокаралардан фойда чиқмаслигини англаб етди ва ҲАМАС раҳбариятини йўқ қилиш уларнинг урушдаги мақсадларига хизмат қилади, деб ҳисоблашди: гуруҳни бутунлай йўқ қилиш, Ғазодан Исроил гаровдагиларини қайтариб олиш ва ҲАМАСнинг қайта ҳокимиятга келишига йўл қўймаслик.

Аниқ қанча раҳбар ўлдирилгани номаълум. ҲАМАСнинг таъкидлашича, беш нафар аъзоси ва бир нечта полиция ходими ҳалок бўлган, бироқ юқори раҳбарлар тирик қолган. Бу даъволар ҳозирча текширилмаган. Ҳар ҳолда, Исроил ҲАМАСни йўқ қилиш учун дунёнинг исталган нуқтасига боришга тайёрлигини кўрсатди. Эҳтимол, тирик қолган раҳбарлар кейинчалик яна нишонга олиниши мумкин”, дея таъкидлаган Эллиотт Абрамс ўз таҳлилида.


Сулҳ музокаралари нима бўлади?


Исроил бош вазири ўз чиқишида ҳужум АҚШ президенти билан маслаҳатлашилган ҳолда амалга оширилганини қўшимча қилган. Оқ уй матбуот котибининг баёноти қисман буни тасдиқлади.


Маълум бўлишича, Трамп ўзининг махсус вакили Стив Уиткоффга Қатарни Исроилнинг яқинлашаётган ҳужум ҳақида хабардор қилишга топшириқ берган. Бироқ Қатар ташқи ишлар вазирлиги “Доҳа Исроилнинг зарбалари ҳақида олдиндан хабардор қилинган” деган даъволарни “мутлақо ёлғон” деб атади.


Шу билан бирга, Қатар ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон Ос-Соний Қўшма Штатлардан қўнғироқ Доҳага ҳужум бошлангандан 10 дақиқа ўтиб амалга оширилганини айтган.


“Оқ уй эса Исроил операцияларидан ўзини узоқлаштиргандек кўринмоқда, айниқса ҳужумда ҲАМАСнинг энг юқори раҳбарлари йўқ қилинмаганидан кейин. Шундай бўлса-да, Вашингтон ва Исроил ўртасида маълум даражада ҳамкорлик бўлгани эҳтимолдан холи эмас. Чунки Қатар АҚШнинг муҳим иттифоқчиси ва Доҳадаги Ал-Удейд авиабазасида минглаб америкалик ҳарбийлар жойлашган. Президент Трамп ҳам ҲАМАСни огоҳлантириб, сулҳ режасига рози бўлмаса, оқибатларга дуч келишини айтган эди. Эҳтимол, Доҳадаги ҳужум Трамп айтган ўша “оқибат” бўлиши мумкин.

Қатар энди музокараларни давом эттириши қийин. Доҳага кўра, улар Исроил гаровдагиларини озод қилиш учун катта ҳаракат қилган, лекин бунга жавобан Исроил уларнинг мамлакатини бомбардимон қилди. Шундан кейин эҳтимол музокараларда Миср асосий воситачи сифатида чиқади. Бироқ бу осон вазифа эмас — на Исроил ҳукумати, на ҲАМАС раҳбарияти келишувдан манфаатдор кўринади”, дея хулоса қилган Эллиотт Абрамс.

Туғилган жой: Тошкент тумани Таълим: Чирчиқ давлат педагогика университети “Дарё”даги фаолиятим: 2024 йил октябрь ойидан буён “Дарё”да мухбир лавозимида ишлайман. Асосан таҳлилий мақолалар тайёрлаш ва интервьюлар ўтказиш билан шуғулланаман. Севимли фильмларим: Форрест Гамп, Узуклар ҳукмдори, Анна, Шовшенкдан қочиш Севимли китобларим: Ўткир кунлар, Анна Каренина, Тирилиш, Буюк шахмат тахтаси, Граф Монта Кристо.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар