Колумбия, Парагвай ва Уругвай терма жамоалари 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг финал босқичи йўлланмасига эга чиқди.
5-сентябрь тонгида (Ўзбекистон вақти билан) бўлиб ўтган учрашувларда Уругвай ва Колумбия ўз рақибларини 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, муддатидан олдин мундиал йўлланмасини қўлга киритган бўлса, Парагвай Эквадорга қарши беллашвуда 0:0 ҳисобидаги дуранг эвазига Жаҳон чемпионати чиптасига эга чиқди.
Ҳозирга қадар АҚШ, Мексика ва Канада майдонларида ўтадиган Жаҳон чемпионатида қатнашадиган 48 та жамоанинг 16 таси маълум бўлди: Канада (мезбон), Мексика (мезбон), АҚШ (мезбон), Япония, Янги Зеландия, Эрон, Ўзбекистон, Жанубий Корея, Иордания, Австралия, Аргентина, Бразилия, Уругвай, Колумбия, Парагвай ва Эквадор.
Эслатиб ўтамиз, футбол бўйича Жаҳон чемпионати 2026 йилнинг 11 июнидан 19 июлига қадар 3 та мамлакат — АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлигида ўтади. Унда Ўзбекистон терма жамоаси турнирдаги дебютини ўтказади. Чемпионатга қуръа ташлаш маросими жорий йилнинг 5 декабрь куни АҚШнинг Вашингтон шаҳридаги Кеннеди марказида бўлиб ўтади.








