Бу ҳодиса Исроил томонидан гуруҳ бош вазири ва бошқа юқори мартабали расмийлар ўлдирилганидан кейин содир бўлган. БМТнинг маълум қилишича, ҳужум вақтида WFP ва UNIEFнинг бир нечта ходимлари ҳибсга олинган. БМТнинг Ямандаги махсус вакили Ганс Грундберг ҳолатни қоралаб, унга шундай муносабат билдирган:
“11 нафар БМТ ходими ҳибсга олинди. Биз буни қатъиян қоралаймиз ва уларнинг зудлик билан озод қилинишини талаб қиламиз”.
БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш ҳам ҳусийлар содир этган ҳаракатни кескин қоралаб, ходимлар ўз вазифаларини бажараётганда ҳеч қачон нишонга ёки ҳибсга олинмаслиги кераклигини таъкидлаган. У ходимларнинг барчаси озод қилиниши учун қўлидан келган барча ишни қилишга ваъда берган.
Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху эса ҳусий бош вазири Аҳмад Ал-Раҳавий ва бошқа юқори лавозимли исёнчиларни ўлдириш учун амалга оширилган зарбалар “фақат бошланиши” эканини билдирган. У, шунингдек, ҳусийлар Исроил давлатига қарши тажовузкорлиги учун жуда оғир товон тўлашини айтган.
“Биз ҳеч ким қилмаган ишни қилмоқдамиз ва бу Санаанинг раҳбарларига қарши зарбалар кампаниясининг бошланишидир” деди Нетаняху.
Маълумот ўрнида, ҳусийлар ёки “Ансоруллоҳ” – Яманда фаолият юритувчи шиа зайидлари жамоасининг ҳарбийлаштирилган гуруҳи. Улар 2004-йилда Яман ҳукуматига қарши қуролли қўзғолон кўтариб, мамлакат жанубидаги айрим ҳудудларни аста-секин назоратга олган.








