Яман ҳусийлари БМТнинг 20 нафар ходимини ҳибсга олди. Бу ҳақда ташкилотнинг Ямандаги доимий координатори матбуот котиби Жан Алам хабар берди.
Маълум қилинишича, ходимлар Сана шаҳридаги БМТ обекти ҳудудида ушланган. Бир кун аввал ҳусийлар бошқа объектдаги ходимларни ҳам қўлга олган. Янги ҳибсга олинганлар орасида 5 нафар яманлик ва 15 нафар халқаро ходим бор. БМТнинг яна 11 нафар ишчиси қисқа муддатга сўроқ қилиниб, кейинчалик қўйиб юборилган.
Қолган асирларнинг тақдирига аниқлик киритилмаган. Аламнинг айтишича, БМТ “бу жиддий вазиятни имкон қадар тезроқ ҳал қилиш, барча ходимларни ҳибсга олишни тўхтатиш ва Санадаги обектлари устидан тўлиқ назоратни тиклаш учун“ ҳусийлар билан бевосита алоқада.
The Associated Press нашрига анонимлик шарти билан интервью берган БМТ вакилининг айтишича, ҳусийлар объект ичидаги барча алоқа ускуналарини, жумладан компютерлар, телефонлар ва серверларни мусодара қилган.
БМТ маълумотларига кўра, ташкилотнинг 50 дан ортиқ ходими қўлга олинган. Ҳусийлар уларни Исроил фойдасига жосуслик қилишда айбламоқда. Ташкилот эса бу айбловларни рад этган.
Олдинги қамоққа олиш ҳолатларига жавобан, БМТ 2025 йил бошида Саададаги фаолиятини тўхтатди ва Адан шаҳрига кўчди.
“53 нафар ҳамкасбимизнинг ноқонуний равишда қамоққа олинишини тўхтатишга чақиришни давом эттирамиз”, деди БМТ бош котиби матбуот котиби Стефан Дюжаррик.








