Яманда Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлар БМТнинг 9 нафар ходимини ҳибсга олди. Бу ҳақда БМТ матбуот котиби Стефане Дюжаррикга таяниб AP News хабар берди.
Қўлга олиш сабаблари ҳозирча очиқланмаяпти. Шу билан 2021-йилдан бери ҳусийлар назоратидаги ҳудудларда БМТнинг ҳибсга олинган ходимлари сони жами 53 нафарга етган.
“Улар амалдаги халқаро ҳуқуққа мувофиқ ҳурмат қилиниши ва ҳимоя қилиниши керак”, деган Дюжаррик.
БМТ бу ҳаракатлар ташкилот фаолиятига ва Ямандаги муҳтож аҳолига ёрдам етказишга жиддий тўсқинлик қилаётганини таъкидлаган. Ташкилот барча ҳибсга олинган ходимларни зудлик билан ва шарциз озод қилишга чақирмоқда.
Ҳусийлар илгари бу ҳибсларни “жосуслик тармоғи”га алоқадорлик билан изоҳлаган. Август ойида улар Сана шаҳридаги БМТ офисларига рейд уюштириб, 19 нафар ташкилот ходимни ҳибсга олганди. Улардан бири, UNICEFнинг Ямандаги ўринбосари Лана Шукри Катав кейинчалик озод этилган. Бу каби босимлар ортидан БМТ Яманнинг Саада вилоятидаги фаолиятини вақтинча тўхтатиб, у ердаги гуманитар координаторни Аден шаҳрига кўчирган эди.
Маълумот ўрнида, Яманда 2014-йилдан бери фуқаролар уруши юз бермоқда. Ҳусийлар Санани эгаллаб олгач, расмий ҳукумат сургун қилинган. Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция 2015-йилда урушга аралашиб, ҳукуматни қайта тиклашга уриниб кўрган. Шунга қарамай мамлакат уруш туфайли сўнгги йилларда боши берк кўчага кириб қолган.








