Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон БМТни замонавий шароитларда самарали фаолият юрита оладиган даражада жиддий ислоҳ қилиш зарурлигини айтди. Бу ҳақда президент Хитойда ўтказилаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити кенгайтирилган йиғилишида сўз юритган.
“БМТ жиддий ислоҳотга муҳтож. Ҳурматли дўстим, БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, 80 йил аввалги шароитда шаклланган БМТ тизими Яқин Шарқда зулмга барҳам бера оладими ёки қоидаларга асосланган халқаро тартибни сақлаб қола оладими, деган саволга жавоб топиш қийин. Бизнинг вазифамиз БМТни кўп йиллардан бери Фаластин халқига нисбатан содир этилаётган ваҳшийликлар қаршисида глобал адолатни ифодаловчи платформага айлантиришдир”, деган Эрдўғон.
Туркия раҳбари сўзи давомида Ғазода 23 ойдан бери чақалоқлар, болалар ва қариялар ўлаётгани, бу ваҳшийликни тўхтата олмаган халқаро ҳамжамият ожизлигини оқлаш мумкин эмаслигини айтган.
Шу билан бирга, Эрдўғон Туркия Сурия хавфсизлиги масаласига ҳам тўхталган.
“Сурия ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий бирлигини сақлаган ҳолда, унинг тикланишига кўрсатадиган ёрдамимиз бутун минтақамиз учун фойда келтиради. Биз бундан кейин ҳам қўшнимиз Сурия хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини хавф остига қўйишга уринишларнинг барчасига қарши турамиз”, деган у.
Аввалроқ Эрдўғон Исроилнинг Ғазодаги қирғинини геноцид деб атаганди. Шу билан бирга Туркия Суриянинг бўлинишига йўл қўймаслигини таъкидлаган.








