Икки минг йигирма тўртинчи йил ниҳоясига етиб боряпти. У жаҳон сиёсатида қандай из қолдирмоқда? Хусусан, Ўзбекистоннинг Ғарб мамлакатлари билан алоқалари қандай ривожланди? Яқин Шарқда ҳамда Украинада юз бераётган можаролар мамлакатимизга қай даражада таъсир кўрсатди ва кўрсатмоқда? “Дарё” мухбири сиёсатшунослик фанлари номзоди, доцент Хайрулла Умаров ҳамда сиёсатшунос Абдували Сойибназаров билан айни шу мавзуларда суҳбатлашди.
— 2024 йил поёнига етмоқда, турли соҳаларда, йўналишларда айрим хулосалар чиқариш, таҳлиллар қилишнинг айни фурсати. Ўзингизга яхши маълум, йил давомида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатига доимий эътибор қаратиб келдик. Хитой билан муносабатлар, Россия билан алоқалар кўп ёритилди. Шунинг учун бугун Ўзбекистоннинг Ғарб билан алоқалари ҳақида суҳбатлашсак. Хайрулла ака, жорий йил Ўзбекистоннинг Ғарб билан муносабатлари қай тарзда ривожланди? Қандай эътиборга молик воқеалар юз берди?
Хайрулла Умаров: Йил сиёсий воқеаларга бой бўлди. Жуда кўплаб мамлакатларда жами етмиш тўртда сайловлар ўтказилди, Ўзбекистонда ҳам парламент сайловлари бўлиб ўтди. Шулар орасида жаҳон сиёсатига бевосита дахл қилувчи АҚШдаги президентлик сайловини эътироф этиш мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки сиёсий, ҳарбий, иқтисодий ва маданий жараёнларнинг аксарияти шу мамлакатдаги ички ва ташқи сиёсат билан бевосита боғлиқ.

Шу сабабдан сиёсатшунослар бу ердаги жараёнларни ҳар доим кузатиб боришади. Гап қайси партия вакили ҳокимият тепасига келиши ва ўз олдига қандай мақсад-вазифаларни белгилаб қўйиши билан чекланмайди. АҚШ ташқи сиёсати нафақат президентга, балки унинг ортидаги механизмга боғлиқ.
Яъни, ҳар бир йўналишнинг ўз масъуллари бор. Бинобарин, АҚШнинг қайсидир давлатга ёки минтақага муносабати ҳақида фақатгина номзодларнинг ёки сайланган президентларнинг гап-сўзларига таянган ҳолда хулоса чиқармаслик керак.
Абдували Сойибназаров: Ўзбекистон ўтаётган йилда Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатлари, айниқса Хитой ва Россия билан алоқаларни ривожлантириб борди. Европа Иттифоқи доирасидаги муносабатлар ҳам мустасно эмас.
Мамлакатимизга Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари ташриф буюрди, Ўзбекистон Президенти Бокудаги иқлим ўзгариши масалаларига бағишланган саммит чоғида ҳам ЕИнинг қатор мамлакатлари раҳбарлари ва расмийлари билан мулоқотлар ўтказди. Ўзбекистон ташқи сиёсати Россия ёки Хитой билан чекланиб қолаётгани йўқ.
— Бугунги кунда Ғарбнинг бошқа мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон билан алоқалари санкциялар фонида ривожланмоқда дейишимиз мумкин. Санкциялар Ўзбекистон иқтисодига ва ташқи сиёсатига қанчалик таъсир кўрсатмоқда?
Хайрулла Умаров: Ҳақиқатан, жаҳон иккига бўлинди: Ғарб ва Шарқ. Икки йил олдин дунёда юзага келган вазият тобора кескинлашиб боряпти.
Ўзбекистон ҳар бир давлат билан ўзаро манфаатли ва тенглик асосда иқтисодий алоқаларни олиб боришга интилади. Бироқ Ғарб ва Россия қарама-қаршилигини оладиган бўлсак, бу зиддиятда нафақат ўқотар қуроллар, балки санкциялар кўринишидаги иқтисодий қуроллардан ҳам фойдаланилмоқда.
Содда қилиб айтганда, Ғарб вакиллари Ўзбекистонга Россия билан савдо алоқаларни шакллантирмаслик, жонлантирмаслик талабини қўяди. Бу ҳам ҳарбий, ҳам тижорат мақсадида фойдаланиш мумкин бўлган товарлар мисолида яққол кўринади. Бундай талабни қайсидир маънода Ғарбнинг қўлидаги босим қуроли дейишимиз мумкин.
Табиийки, Ўзбекистоннинг иқтисодиёти нафақат Россияга, балки Ғарб давлатлари билан олиб бориладиган савдо-иқтисодий алоқаларга ҳам боғлиқ. Ана шундан фойдаланган ҳолда, босим ўтказиш ҳолатлари юз беряпти.
— Ғарб бошқа давлатлардан санкцияларга бўйсунишни талаб қилади, лекин ўзи бунга қанчалик риоя қиляпти? Ғарб энг кўп санкция киритган мамлакат бу Россия, ваҳоланки Россия бизнинг энг катта ҳамкорларимиздан бири.
Ташқи савдомизнинг 18 фоизи Россияга тўғри келади. 18,7 фоизлик кўрсаткич, яъни бир оз фарқ билан Хитой биринчи ўринда турибди. Ғарб ўзи белгилаган қоидаларга ўзи риоя этиш-этмаслигини қандай баҳолаган бўлар эдингиз?
Абдували Сойибназаров: Шу кунгача биз билан ҳамкорлик йўлини тутиб келган давлатлар энди бизга босим кўрсатишмоқда. Уларнинг наздида қайсидир тарафни танлашга мажбурмиз. Бу масалада кўпчилик Россия босим кўрсатяпти, деб ўйлайди. Йўқ, биз Россия билан стратегик шерик ва иттифоқчи давлатмиз.
Албатта, Украина яхлитлиги ва суверенитетини ҳурмат қилган ҳолда Россия билан дўстона муносабатларга эгамиз. Лекин Ғарб мамлакатлари томонидан Россия билан алоқаларимиз кўламини қисқартиришга йўналтирилган босимлар бўляпти.

Хўп, савдо-сотиқ ҳажмини камайтирадиган ёки узадиган бўлсак, унинг ўрнини қандай тўлдирамиз? Ғарб тўлдириб берадими?
Адашмасам, АҚШ Давлат котиби ўтган йили Ўзбекистонга ташрифи чоғида “Марказий Осиё давлатларининг Россия билан алоқаларни камайтириш эвазига эллик миллион доллар ажратамиз” деган эди. Бешта давлатга ҳисоблаб кўринг, 10 миллиондан тегади. Ваҳоланки, битта тадбиркоримизнинг ўзи бу маблағни қоплаб бериши мумкин.
Ғарб мамлакатлари Ўзбекистонга табиий ресурслар захираси ёки транзит мамлакат сифатида эътибор қаратмоқда, шундай вазиятда биз Россия билан савдо-сотиқ алоқаларимиз миқдорини камайтирадиган бўлсак, бу Ўзбекистон учун жуда катта йўқотиш бўлади. Шунинг учун мамлакатимиз ўз манфаатларини етарли даражада ҳимоя қилишга мажбур бўлмоқда.
Сиз яхши саволни ўртага ташладингиз, санкцияларга ўзлари амал қиляптими деб. Ғарб ўн бешинчи санкциялар тўпламини жорий этди. Лекин ўзи воситачи компаниялар орқали Россия гази ёки нефтини сотиб олмоқда. Бу ер усти ва ерости бойликлари, машинасозлик маҳсулотлари ва космик технологиялар соҳаларига ҳам тегишли. Яъни ўзлари қўйган санкцияларни ўзлари бузишга мажбур бўлмоқдалар.
— Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг сўзларига кўра, 2023 йилда ЕИ мамлакатлари олдинги йилларга нисбатан Россиядан қирқ тўрт фоиз кўпроқ нефть сотиб олган. Бугунги кунда Венгрияда етти минг нафар Россия фуқароси ишлаётган бўлса, Германияда уч юз минг, Испанияда юз минг, Францияда олтмиш минг нафар россиялик фуқаролар меҳнат қилаётган экан.
Лекин шунга қарамасдан, ЕИ тарафидан Венгрияга босим ўтказилмоқда. Виктор Орбан Урсула фон дер Ляйен билан тортишиб қолганда шунга ўхшаш кўпгина фактларни келтирган эди. Хайрулла ака, Евроиттифоқ мамлакатлари санкциялар масаласида мана шундай сиёсат юритаётган бир вақтда, Ўзбекистон ўз манфаатларини қай даражада ҳимоя қила оляпти?
Хайрулла Умаров: Ғарб Россиянинг энергетика захираларига муҳтожлигини инкор этиб бўлмайди. Ҳар қандай муаммо эса музокаралар орқали ҳал этилади. Шунинг учун ҳозир кўплаб ғарблик сиёсатдонлар ҳам музокаралар столига ўтиришни таклиф қилишяпти, нафақат Украина масаласида, бошқа муаммолар юзасидан ҳам.
Россиянинг бугунги сиёсати собиқ Иттифоқнинг охирги йилларида юритган сиёсати давоми дейиш мумкин. Совет ҳукумати иқтисодий ёки технологик ривожланиш ўрнига, асосан, нефть-газ ҳамда ёғочни сотиш ҳисобига жуда катта миқдорда даромад олар эди. Айнан худди шу нефть ва газнинг нархини тушириш орқали Совет Иттифоқига жуда катта иқтисодий зарар етказилди ва бу Қизил Империянинг парчаланишига олиб келди.
Демак, музокаралар сиёсатнинг асосини ташкил этиши керак. Ҳозирги пайтда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши юзасидан музокаралар давом этмоқда. Кўпгина ОАВларида бир томонлама тарғибот олиб борилади-да: гўёки ЖСТга кирсак ривожланиб кетамиз, зўр бўлиб кетамиз деган тасаввурлар бор. Лекин иккинчи жиҳатига ҳеч эътибор берилмайди.
Глобаллашув жараёни кетаётган пайтда бу каби ташкилотлардан иқтисодиёти кучли давлатлар кучсизроқ давлатларга таъсир кўрсатиш қуроли сифатида фойдаланаверади. Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон савдо ташкилоти – буларнинг бари Ғарб ва биринчи навбатда АҚШнинг позициясини кучайтиришга қаратилган ташкилотлар ҳисобланади.
Масалан, Дональд Трамп Канада, Мексика ва Хитойга нисбатан тўсиқлар қўйиш ҳақида гапирди. Биринчи президентлик даврида ҳам Хитойга тўсиқлар қўйганди. Ваҳоланки, ЖСТнинг асосий вазифаси айнан тўсиқларни олиб ташлаш саналади.
ЖСТ йўлида: Ўзбекистонни олдинда қандай муаммолар кутади?
Кўряпсизми, қачонки менга мос келса, тўсиқ қўяман, мос келмаган пайтда эса умумий қоидалар асосида иш олиб борилади. Мисол учун, “Ўзбекистон ривожланиб кетса, бизга тўсиқлар қўйилмайди”, деб кимдир кафолат берадими?
Яна бир жиҳати бор, Ўзбекистон ижтимоий адолатли давлатни қуришни мақсад қилган. Ижтимоий давлатнинг асосий жиҳати халқнинг камбағал қатлами таъминотини оширишга қаратилган бўлади. Бунинг учун давлат бюджетидан жуда катта миқдорда пул ажратилади.
Бугунги кунда Ўзбекистон бюджетининг асосий манбаларидан бири, майли, монополия бўлсин, автомобилсозлик саноати. У бюджетга пул тушириб беради. Агар ҳозир ЖСТга кирадиган бўлсак, бюджетга тушадиган пул камаяди ва ўз навбатида, ижтимоий соҳаларга ажратиладиган маблағ анча қисқаради.
Ташқи қарзимиз кўпаяди ва бора-бора қарз қопқонига тушиб қолишимиз мумкин. “Нима қилиш керак?” деган савол туғилади. Бизга кўпроқ кооператив хавфсизликни таъминловчи ташкилотлар лозим. Бу нима дегани? Яъни, кооператив хавфсизлик орқали давлатлар ўзаро савдо-иқтисодий масалаларни ҳал қилади.
Шу билан биргаликда, бир-бирининг ижтимоий муаммоларини ҳал қилишга ёрдам берувчи институтлар яратилади. Мен ҳозир қатъий равишда “бу керак ёки керак эмас” демоқчи эмасман, лекин сиёсатда кучлар қарама-қаршилигини доим ҳисобга олиш керак. Шу жиҳатдан пухта ўйланган қарор қабул қилишимизга тўғри келади.

— Бу йил Германия канцлери Олаф Шольц Ўзбекистонга келди. Мутахассисларнинг айтишича, у Ўзбекистоннинг уранига харидор бўлмоқда. Бундан олдинроқ Франция президенти ҳам келиб-кетган эди. Евроиттифоқ етакчиларининг Ўзбекистонга ташрифи тез-тез учрайдиган воқеа эмас.
Ваҳоланки, кўп қутбли алоқалар ҳақида гапиряпмиз. Бу туришда биз Европадан худди Россия ва Хитой билан бўлгани каби савдо-иқтисодий қутб ярата оламизми? Ёки Ўзбекистон-Европа муносабатлари шундай онда-сонда бўладиган ташрифлар орқали ривожланадими?
Абдували Сойибназаров: ЕИ Марказий Осиё давлатларига энергетик ресурсларга бой минтақа ва транспорт-транзит йўлаги сифатида сифатида қарайди. Ҳозирги пайтда ЕИ Транскаспий қувурлари масаласида Марказий Осиё билан ҳамкорлик қилишга интиляпти. Бунга қизиқиш Украина уруши бошлангандан кейин ортди.
Бир вақтлар у Хитой товарларини Ғарбга олиб ўтиш учун хизмат қилган бўлса, энди ЕИ Марказий Осиёни, хусусан Ўзбекистонни ўзига қаратиш учун шу йўлдан фойдаланмоқда ва 6,5 мингдан ортиқ товарларимизга бож имтиёзлари жорий қилмоқда. Бу орқали ЕИ Марказий Осиёга чуқурроқ кириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали Россия ва Хитой таъсирини камайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Минтақа учун ЕИ, Хитой, Россия ва АҚШ ўртасида кураш кучаяётганини кўряпмиз. Сиз айтгандек, уран масаласи ҳам бор. Россияга қарши санкциялар давом этаётган шароитда, Марказий Осиёнинг муқобил бозорларидаги уран ёки бошқа маҳсулотларига қизиқиш ошяпти.
Бинобарин, Европа расмийлари бир томондан ресурсларга эга чиқишга, арзонроқ хом ашё олишга ва Марказий Осиёни Россия ёки Хитой таъсиридан ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун ўртада зиддиятлар келтириб чиқариш мақсад қилиб олинган.
Хайрулла Умаров: Ҳазрат Навоийнинг байтини ҳаммамиз ўқиганмиз: “Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш, эл анга шафиқ-у меҳрибон бўлмас эмиш”. Ғурбат бу ғарб томони, ғариб эса ғарбда яшайдиган одамларга нисбатан қўлланилади.
Ғарбда яшайдиган инсонлар — ғариб одамлар — ҳеч қачон хурсанд бўлмайди. Чунки уларда жамоавийлик мавжуд эмас. Бир-бирига ёрдам бериш тушунчаси йўқ. Бу либерализмнинг илдизи ҳисобланади ва бозор муносабатларининг асосини ташкил этади. Яъни ҳамма ўзини ўйлайди ва ўзи учун ривожланади.
Либерал ғоялар бизга хос эмас. Бизда жамоавийлик юқори қадрланади. Биз доим бир-биримизга ёрдам кўрсатамиз. Эътибор берганмисиз, европаликлар биз билан музокара олиб бораётган пайтда, инсон ҳуқуқлари ғоясини илгари суришади.
Лекин биз биламизки, ҳуқуқларнинг тури кўп: инсон ҳуқуқлари, жамоа ҳуқуқи ва давлат ҳуқуқи мавжуд. Учала ҳуқуққа тенг риоя қилинса, мамлакат барқарор бўлади. Агар бир ҳуқуқ қолганларидан устун бўлса-чи?
Масалан, Совет пайтида давлат ҳуқуқи устун эди, жамоа ва инсон ҳуқуқлари эса сиқиб қўйилган эди. Бу мамлакат ичида бошқарувнинг бузилишига олиб келади. Шунинг учун айтаманки, либерализм мафкураси - ғарб қадриятларига асосланган.
Ҳозирда кўпчилик гендер тенглик мавзусида дессертация иши қилади. Гендер тенглик нима? Иккита жинснинг тенглиги. Лекин европаликлар 78 та жинс бор деган тўхтамга келишди-ку. Эртага гендер тенглиги дейилганда қайси бирини назарда тутишимиз керак? Бизнинг маданиятимизга хос нарсами шу? Ўйлаб кўринг, бизлар шу тушунчаларга рози бўламизми? Бизнинг қадриятларимиз қаерда қолди, деган савол олдинга чиқади.
— Америкада бўлиб ўтган сайловлар мавзусини давом эттирадиган бўлсак, сайланган президент Дональд Трамп Хитой товарлари учун бож тўловларини ошириш ҳақида гапирди. Хитой эса, биламизки, БРИКСнинг асосий аъзоларидан бири.
Россиянинг амбицияларига кўра, БРИКС долларнинг дунёдаги яккаҳокимлигини бартараф эта олмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда, чеклаши керак. Ўзбекистон БРИКС+ форматида иштирок эта бошлади. Бу Ўзбекистонга қўшимча санкциялар хавфини оширмайдими?
Хайрулла Умаров: Бугунги кунда америкаликларнинг ўзлари Хитой иқтисодиёти биринчи ўринда эканини тан олишмоқда. Буни инкор этиб бўлмайди ва табиийки, АҚШнинг жаҳон гегемонлигини таъминлайдиган қуролларидан бири – доллар сиёсати.
Шунинг учун Трамп кимки долларга қарши чиқадиган бўлса, ўша мамлакатга санкция эълон қиламан, дейди. Америка саноати асосан доллар билан боғлиқ. Нефть нархи тушадиган бўлса, доллар қадрланади, нарх ошса, доллар қадрини йўқотади. Шу сабабдан АҚШ Яқин Шарқдаги нефть ишлаб чиқарувчи мамлакатларга доим тазйиқ ўтказиб келган. Урушларнинг асосий сабаблари ҳам шу сиёсат билан белгиланади.
Яқин келажакда нима бўлишини башорат қилиш анча мураккаб, чунки ким долларга қарши нимадир қилмоқчи бўлса, Трамп қарши чора қўллаши мумкин. Ўзбекистон ҳукумати ҳали бу борада қатъий позиция билдиргани йўқ.
Мисол учун, Россия ва Хитой билан икки томонлама шартномаларда савдо-иқтисодий алоқалар миллий валюталарда амалга оширилади дейилган. Лекин бу ҳам муаммонинг ечими эмас. Масалан, Ҳиндистон ёки бошқа давлатлар билан алоқаларда табиийки, доллар билан ҳисоб-китоб қилинади.
Ўзбекистон ҳали жаҳон иқтисодий сиёсатига таъсир кўрсатадиган кучли давлат эмас. Шунинг учун, ўйлаб мушоҳада қилган ҳолда, етти марта ўлчаб, сўнг яна етти марта ўлчаб, кейин қарор қабул қилиш керак.
— Вақти келиб, Яқин Шарқдаги вазият барқарорлашар, Украина ҳам тинчир. Ўшанда асосий қарама-қаршилик АҚШ билан Хитой ўртасида давом этиши кутиляпти. Шундай шароитда Ўзбекистон қандай сиёсат олиб боради? Бу сиёсат пойдеворлари ҳозирдан қўйиб бориляптими? Воқеалар ривожини қандай прогноз қилган бўлардингиз?
Абдували Сойибназаров: Яқин пайтларгача АҚШ дунёдаги энг катта ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган, бугун эса истеъмолчига айланиб қолди. Шу сабабли, янги сайланган президентнинг сиёсатига эътибор қаратадиган бўлсак, Хитойдан келаётган товарларга нисбатан 60 фоизлик бож ставкаларини ўрнатишни режалаштиряпти.
Президентнинг асосий мақсади — мамлакатда ишлаб чиқаришни кучайтириш, янги иш ўринларини яратиш. Бу сиёсат ортида Хитойнинг ҳарбий-иқтисодий қудрати янада ошишига йўл қўймаслик мақсади ётибди.

Бугунги кунда ХХР ўзининг турли лойиҳалари ва ташаббуслари билан Қўшма Штатларнинг орқа томорқаси ҳисобланган Лотин Америкасига ҳам кириб келди. Африкада бемалол беллашяпти, Яқин Шарққа, Европа мамлакатларига кириб бораётгани ҳам Американи хавотирга солаётган омилдир. Шу тенденция давом этса, Хитой яқин 5-10 йил ичида ЯИМ бўйича Қўшма Штатларни қувиб ўтиши мумкин.
Янги президент сиёсати Ўзбекистонга қандай таъсир кўрсатади деган саволга келсак, шу пайтгача Марказий Осиёдаги айрим компанияларга нисбатан санкциялар жорий этилган. Булар Россияга ҳам тижорий, ҳам ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган маҳсулотларни етказиб берувчи компанияларга тааллуқли.
Лекин АҚШнинг юқори лавозимли сиёсатчилари “Биз имкони борича Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан санкциялар жорий этмаймиз” дея баёнот беришган. Нега? Негаки, агар санкциялар қўллайдиган бўлса, бу Марказий Осиё давлатларидан Қўшма Штатларнинг узоқлашувига олиб келади. Бу АҚШ учун Марказий Осиёни йўқотиш бўлади. Шу сабабдан шиддатли, кенг қамровли санкциялар қўллаш сиёсати олиб борилмайди.
Яхши эслаймиз, 2005 йилдаги воқеалар сабаб Ўзбекистоннинг Америка билан муносабатлари кескинлашган эди. Бу ўша пайтда АҚШ ва ЕИнинг Марказий Осиёдаги таъсири бутунлай йўқ бўлишига ҳам сабаб бўлганди.
Хуллас, Жо Байден даврида ҳам бундай сиёсат олиб борилмади, Дональд Трамп даврида ҳам, менимча, бундай сиёсат олиб борилмайди. Албатта, қандайдир босимлар ўтказишга ҳаракат қилишади, лекин кенг қамровли санкциялар жорий этилмайди.

— Йил давомида диққат марказимизда бўлиб келган мавзулардан бири бу Яқин Шарқдаги вазият. Саудия Арабистонида Араб-мусулмон давлатлари раҳбарларининг иккинчи саммити ўтказилди. У деярли ҳеч қандай натижа бермагани ҳақида ҳам гапирилди. Яқин Шарқдаги вазият йил давомида, дейлик, Марказий Осиёга ёки Ўзбекистонга қай даражада таъсир қилди?
Абдували Сойибназаров: Бу жуда ҳам бир ўткир масала. Яқин Шарқда етмиш беш йилдан бери нотинчлик ҳукм сурмоқда. Фаластин давлати масаласида адолат йўқ. Фаластин ҳудудида иккита давлат, битта бетараф шаҳар тузиш бўйича БМТнинг қарори қабул қилинган. Лекин ҳанузгача Фаластин давлати мавжуд эмас.
Қуддус масаласини-ку айтмаса ҳам бўлади, бу ерда халқаро назоратчилардан иборат бетараф шаҳар бўлиши керак эди. Афсуски, Исроил Қуддусни ўзининг ажралмас, бўлинмас, абадий пойтахти деб эълон қилиб олди. Яқин Шарқдаги мана шундай адолатсизликлар, зиддиятлар занжир реакцияларини келтириб, Афғонистон, Покистон ва бошқа мамлакатларда терроризмнинг кенгайишига, беқарорлик ўчоқларининг кўпайишига олиб келди.
Агар Яқин Шарқда адолатсиз урушларнинг олди олинмаса, у бутун минтақани портлатиши ва охир-оқибат Марказий Осиёга ҳам таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун Ўзбекистон Президенти Араб-мусулмон давлатлари саммитида ҳам, Туркий давлатлар ташкилоти мажлислари ва бошқа учрашувларда ҳам бир ҳудудда икки давлат тамойилини илгари суриб, Исроил билан бир қаторда Фаластин мустақил давлати ташкил этилиши тарафдори эканини маълум қилмоқда.
Бундан ташқари, Марказий Осиё ёки МДҲ ҳудудида биринчи тажриба сифатида Фаластин урушидан жабр кўрган аёллар ва болаларни Ўзбекистонда даволаш ташаббусини билдирди. Умуман олганда, Ўзбекистон 2016 йилгача мана шундай беқарорликлар, низолар бўйича бирор баёнот билан чиққанини билмаймиз.
Бугунги кунда эса Ташқи ишлар вазирлигимиз Корейс яримороли, Яқин Шарқ ёки дунёнинг бошқа нуқталаридаги воқеа-ҳодисалар юзасидан баёнотлар билан чиқмоқда. Яъни, Ўзбекистон ҳеч бир масалада бефарқ эмас, буни амалда кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.

— Яқин Шарқ ҳақида гап кетган экан, бугунги кунда Сурияда юзага келган вазиятни четлаб ўтиш мумкин эмас. Россия Суриядан осонлик билан чиқиб кетиш эвазига Ғарб Украина масаласида Путинга ён босади, деган фикрлар ҳам билдирилмоқда. Сиз мутахассис сифатида воқеалар ривожини қандай прогнозлаштирган бўлардингиз?
Хайрулла Умаров: Табиийки, Украина Россия учун хавфсизлик нуқтаи назаридан ўта муҳим аҳамият касб этади ва ҳарбий ҳаракатлар бошланишининг асосий сабаби ҳам айнан шу билан белгиланади. Қолаверса, бу уруш, машмаша, жанжалдан мақсад Россиянинг Совет Иттифоқидан қолган Қора денгиз флотини ўйиндан чиқаришдир.
Бордию НАТО билан Россия ўртасида низо юзага келадиган бўлса, русларнинг кемалари Босфор бўғозидан ўтиб, НАТОнинг Ўрта ер денгизидаги ҳарбий денгиз флотига қарши беллаша оладиган, ҳақиқатан ҳам жуда қудратли флотлардан бири ҳисобланади.
Албатта, турли прогнозлар билдирилиши мумкин, кимдир қайсидир масалада келишиб олди дегандай. Лекин келишадиган масалалар бор ва келишилмайдиган масалалар бор. Сурия Россия учун стратегик геосиёсий таянч нуқтаси. Шунинг учун, менимча, Россия бу стратегик позицияни бой бермайди.

Яқин Шарқда бундан-да каттароқ муаммо бор, бу шиа-сунний масалалари. Фаластинни асосан Эрон бошчилигидаги шиалар қўллаб-қувватлади. Ғарб бу вазиятда қандай йўл тутди? Табиийки, шиаларни ўйиндан чиқариш керак эди. Шундай бўлди ҳам.
2002 йилда Хиллари Клинтон АҚШ Давлат котиби бўлган пайтда “Катта Яқин Шарқ” концепцияси илгари сурилган эди. Ҳатто харита ҳам тузилган, Курдистон, Белужистон каби давлатлар ташкил этиш, умуман, Яқин Шарқ харитасини қайта кўриб чиқиш режалаштирилган. Юқорида айтиб ўтганимдек, АҚШ ички сиёсатида ҳар бир давлат механизми мукаммал ишлайди. Белгиланган режалар президентлар ёки вазирлар келиб-кетишидан қатъи назар, амалга оширилаверади.
Мана, йигирма йилдан сўнг, улар ўз мақсадларига эришаётганини кўриб турибмиз. Суриядаги тўнтаришдан кейин Эроннинг қўли қирқилди ва Исроил ўз мақсадига эришди. Бундан буёғига воқеалар қандай ривожланади? Мусулмонлар бирлашиб Исроилга қарши чиқадими? Ё Яманда шиа ва сунний, Ироқда шиа ва сунний, Сурияда шиа ва сунний урушлари давом этаверадими?
Американинг ҳарбий саноат комплекси бетўхтов қурол-яроғ чиқариб турибди, у тарафга ҳам сотади, бу тарафга ҳам сотади. Натижада ҳам бойийди, ҳам душманларини йўқ қилади.
Абдували Сойибназаров: Сурияда беқарорликларнинг бошланиши – минтақадаги йирик давлатларнинг парчаланишига қаратилган хатти-ҳаракатларнинг дебочаси дейишимиз мумкин. Суриядаги давлат тўнтаришидан энг аввало, Исроил ва АҚШ ютди.

Эрон Ислом Республикаси Ливандаги Ҳизбуллоҳ ҳаракатига ёки Яқин Шарқдаги бошқа прокси ташкилотларга қурол-яроғ етказиб беришда Сурия ҳудудидан фойдаланар эди. Энди эса бу имконият йўққа чиқди ва Эроннинг Яқин Шарқдаги таъсир доираси чекланди.
Табиийки, Америка ва Исроил Яқин Шарқдаги давлатларни парчалаш йўлидан боради. Асосан қудратли давлатлар: Эрон, Туркия, Суриянинг ўзи ва Ироқни парчалаш ҳаракатлари давом этади. Мана шу тўртта давлат ҳудудида яшайдиган курдлардан иборат Курдистон давлатини ташкил этиш мақсад қилинган. Бу табиийки, нафақат Яқин Шарққа, бутун дунёга, жумладан Марказий Осиёга ҳам таъсир ўтказади.
Олимжон Сафоев суҳбатлашди








