Daryo

Тўйимли ва мазали: витаминларга бой 4 та сабзавотли котлет рецепти

Мазаси оғизда қоладиган котлетларни тайёрлаш учун кўп вақт сарфлаш шарт эмас

3 дақиқа ўқиш30 824 кўришлар0 изоҳ0
Foto: “Domashniy ochag”

Сабзавотлардан тайёрланган ҳар қандай таом мазали бўлиши билан бирга, витаминларга ҳам бойдир. Рамазон кунларида саҳарлик ёки ифторлик дастурхони учун мазкур котлетлар ажойиб танлов ҳисобланади.

Фото: «Домашний очаг»

Карамли котлет рецепти

Карамли котлетни тайёрлаш жуда осон. Кейинчалик ҳам ушбу котлетни ҳафталик таомномага киритиш мумкин.

Фото: «Домашний очаг»
Керакли маҳсулотлар:
  • карам − 1 килограмм;
  • пиёз − 1 дона;
  • ун − 120 грамм;
  • қуритилган нон − 3-4 ош қошиқ;
  • саримсоқ − 3-4 бўлак;
  • кўкат, туз ва зираворлар.
Тайёрланиш жараёни:
  1. Карамни 3-4 бўлакка бўлиб, қайнаб турган сувга солинади. 10-15 дақиқа юмшагунча қайнатилади. Сўнгра сувини тўкиб, блендер ёрдамида майдаланади.
  2. Пиёз, саримсоқ майда тўғралиб, карамга қўшилади. Кўкатлар ва ун аралашмага солинади ва котлетлар ҳосил қилинади. Котлетлар қуритилган нон талқонига ботириб олинади ва қизиган ёғда қовурилади.
Картошкали котлет рецепти

Ушбу котлетларни олдиндан тайёрлаб, музлатишга қўйиш мумкин. Сўнгра исталган вақтда уларни шунчаки қовуриб, истеъмол қилса бўлади.

Фото: «Домашний очаг»
Керакли маҳсулотлар:
  • картошка − 1 килограмм;
  • ёнғоқ − 100 грамм;
  • тухум − 2 дона;
  • сариёғ − 2 ош қошиқ;
  • ун − 2 ош қошиқ;
  • ўсимлик ёғи, сметана, туз ва зираворлар.
Тайёрланиш жараёни:
  1. Ёнғоқлар қуруқ товада қовуриб олинади. Картошка қайнатилиб, пюре ҳолига келтирилади. Сўнгра тухум, ёнғоқ ва сариёғ қўшиб аралаштирилади.
  2. Массадан 12 тага яқин котлет тайёрланади ва унга ботириб олинади. Ёғда икки томони қизаргунга қадар қовурилади. Котлетларни сметана билан биргаликда дастурхонга тортиш мумкин.
Сабзили котлет рецепти

Сабзини хуш кўрувчилар учун тўйимли ҳамда витаминга бой рецепт.

Фото: «Домашний очаг»
Керакли маҳсулотлар:
  • сабзи − 4 дона;
  • олма − 2 дона;
  • сут − 1/2 стакан;
  • тухум − 1 дона;
  • ёрма − 2 ош қошиқ;
  • сариёғ − 2 ош қошиқ;
  • сметана, шакар, қуритилган нон, туз ва зираворлар.
Тайёрланиш жараёни:
  1. Сабзи тозаланиб, қирғичдан ўтказилади. Олма тўртбурчак шаклда тўғралади. Сўнгра сабзи ва сариёғ аралаштирилиб, оловга қўйилади. Устидан сут қуйилади ва 3 дақиқа давомида қайнатилади.
  2. Устидан олма, ёрма, туз ва шакар қўшилади. Яхшилаб аралашгандан сўнг тухум солинади ва бир хил қуюқликдаги масса ҳосил қилинади.
  3. Массадан котлетлар ясаб, қуритилган нонга ботириб олинади. Товада ёки печда қизаргунга қадар пиширилади ва сметана билан биргаликда дастурхонга тортилади.
Сабзавотли котлет рецепти

Навбатдаги котлет рецепти ҳам оиланинг барча аъзосига манзур келиши шубҳасиз.

Фото: «Домашний очаг»
Керакли маҳсулотлар:
  • карам − 1/2 килограмм;
  • сабзи − 2 дона;
  • пиёз − 1 дона;
  • сут − 1/2 стакан;
  • тухум − 2 дона;
  • ёрма − 3 ош қошиқ;
  • кўкат, туз ва зираворлар.
Тайёрланиш жараёни:
  1. Пиёз тўртбурчак тўғралади, сабзи қирғичдан ўтказилади. Карам майда тўғралиб, тухум ёрма билан аралаштирилади.
  2. Товада аввал пиёз қовурилади, кейин сабзи ва карам қўшилади. Туз ва зираворлардан сўнг сут солиб, 10 дақиқа қайнатилади.
  3. Ҳосил бўлган массага тухумли аралашма қўшилади ва котлетлар ҳосил қилинади. Унга ботириб, қизаргунча қовурилади. Сўнгра кўкатлар билан безатилиб, дастурхонга тортилади.
Ёқимли иштаҳа! Мавзуга доир:
Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар