Жанубий Кореяда 5 кундан буён кучли сув тошқинлари ва ёмғирлар давом этмоқда. Ушбу ҳодисаларда шу кунгача ҳалок бўлганларнинг сони 26 нафарга етди. Бу ҳақда Yonhap News Agency хабар берди.

Табиий офат Гапёнг, Геонгнам ва Санчон провинцияларига рекорд даражада талафот етказган. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти ҳам шу ҳудудларга тўғри келади. Катта зарар кўрган Чунчон ва Кванжу провинцияларида тошқин оқибатларини бартараф этиш ишлари ҳамон давом этмоқда.
Санчон провинциясида 19 ноябрь куни 300 миллиметрга яқин ёмғир ёғган. Кёнгнам ўт ўчириш департаменти маълумотларига кўра, 20 июль соат 9:00 ҳолатига кўра, провинцияда қурбонлар сони 8 кишига етган, 2 киши оғир жароҳат олиб, 6 киши бедарак йўқолган (тахминларга кўра, тошқинда оқиб кетган). Ҳудудда эвакуация қилинганлар сони 5871 та хонадон ва 7591 кишини ташкил этади. Шундан 4400 хонадон ва 5517 нафар одам ўз уйларига қайтган.

Санчон ва Хапчон провинцияларидаги 11 та қишлоқ электр таъминотидан узилган. Баъзи ҳудудларда эса телефон ва интернет алоқаси беқарор бўлиб қолган. Табиий офатларга қарши курашиш ва хавфсизликни таъминлаш марказий штаби маълумотларига кўра, сўнгги ҳодисаларда мамлакат бўйлаб 26 киши ҳалок бўлиб, 12 киши бедарак йўқолган. Қидирув гуруҳлари чўкиб кетган ва бедарак йўқолган одамларни излашга сафарбар қилинган.
Изоҳ (0)