Судьялар олий кенгаши Тошкент шаҳрида судьялардан бири махсус тадбирда қўлга олингани айтилган хабарларга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг собиқ судьяси Ш.Й. Жиноят кодексининг 208-моддаси (ҳокимият ҳаракатсизлиги) ва бошқа моддалари билан қўзғатилган жиноят иши бўйича гумондор сифатида жалб қилинган.
“Бироқ ижтимоий тармоқлардаги унинг гўёки ‘махсус тадбирда қўлга олингани’га оид хабарлар асоссиз, ҳақиқатга тўғри келмайди”, — дейилади муносабатда.
Таъкидланишича, Ш.Й. жиноят иши қўзғатилишидан анча олдин, Судьялар олий кенгаши қарорига асосан лавозимидан озод этилиб, судьялик ваколати муддатидан илгари тугатилган.
Сентябрда Ўзбекистон президентининг тегишли фармойишига мувофиқ, бешта вилоят судларининг раислари ўзгарганди. Бундан олдин Ўзбекистонда 6 нафар судья лавозимида ўзгариш рўй бергани, Қашқадарёда фуқаро ногиронлик нафақасини ололмай қолганига сабаб бўлган судьяга чора кўрилгани, Судьялар олий кенгашида бир қатор янги тайинловлар амалга оширилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)