“Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Унда қайд этилишича, ушбу ҳужжат ОТМларга тегишли маълумотга, касбий тайёргарликка ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган шахсларни танлаб олиш мақсадида ишлаб чиқилди.
Қарор лойиҳасида педагог ходимлар тоифаси, лавозимлари танлов бўйича эгалланадиган педагог ходимлар ва танлов қатнашчиларига қўйиладиган малака талаблари танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби, шартлари ва муддати, меҳнат шартномаси (контракт)ни тузиш, ўзгартириш ва тўхтатиш тартиби ҳамда “vacancy.edu.uz” платформаси орқали аризалар топшириш схемалари тасдиқланмоқда.
Низомга кўра, қуйидаги шахсларга педагог сифатида фаолият олиб бориш тақиқланади:
- тегишли маълумоти ва касб тайёргарлиги бўлмаган;
- суднинг қарорига асосан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган;
- суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган;
- психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган;
- педагоглик фаолиятини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликка чалинган.
Мазкур банднинг иккинчи, тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида келтириб ўтилган ҳолатлар бартараф этилганда педагог сифатида фаолият олиб боришига рухсат берилади.
Олий таълим ташкилоти раҳбарига олий таълим ташкилоти (факультет) кенгашида кўриб чиқиш учун педагог ходимларнинг эгаллаб турган лавозимларига мувофиқлиги тўғрисидаги масалани киритиш ҳуқуқи берилади.
Бунда олий таълим ташкилоти (факультет) кенгашида педагог ходимнинг эгаллаб турган лавозимига мувофиқлиги тўғрисидаги масалани кўриб чиқишдан олдин унинг фаолияти олий таълим ташкилоти раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланадиган комиссия томонидан ўрганилади. Кенгаш қарори асосида педагог ходимни эгаллаб турган лавозимидан озод қилишга унинг ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва маънавий-маърифий (тарбиявий) йўналишларда амалга оширган ишлари қониқарсиз деб топилган тақдирда у билан тузилган меҳнат шартномаси белгиланган тартибда бекор қилинади.
Низом қоидалари ҳарбий, ҳарбийлаштирилган ва хорижий олий таълим ташкилотлари хамда уларнинг филиаллари учун татбиқ этилмайди.
Ушбу ҳужжат лойиҳаси муҳокамаси 30 декабргача давом этади.
Изоҳ (0)