Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳудудларида 6 баллдан 9 баллгача зилзила кузатилиши мумкин бўлган 359 шаҳар рўйхати билан боғлиқ хабарлар тарқалмоқда. Мазкур рўйхат ФВВ сайтига жойлаштирилган.
Тарқалаётган хабарлар икки хил мазмунда бири, яқин кунларда шу балдаги зилзила содир бўлади мазмунида, иккинчиси қачонлардир бўлиши мумкинлиги ҳақида чоп этилмоқда. Гидрометеорологик илмий таҳлиллар канали муаллифи Эркин Абдулаҳатовнинг ёзишича, бу рўйхат Ўзбекистоннинг сейсмик раёнлаштириш харитасидан келиб чиқиб тузилган ва қачонлардир ҳудудларда шу кучдаги зилзила бўлиши мумкинлигини англатади. Балки, 20, балки, 100 ёки 1000 йилдан сўнг.
Рўйхатда жами 359 аҳоли яшаш пунктлари киритилган. Баъзи ҳудудлар 9 баллик сейсмик фаол ҳудудларга яқин ҳудудларда жойлашган бўлишига қарамай, чуқур илмий ўрганишлар асосида 6 баллик ҳудуд қаторига киритилган. “Бу жойнинг геоморфологик ҳолати, геологик тузилиши билан тушунтирилса керак”, — дейди мутахассис.
Аҳолида ушбу хабар саросима келтириб чиқараётгани сабабли Эркин Абдулаҳатов хабарларни ваҳима ва саросима билан қабул қилмасликларини сўради.
“Ўзбекистоннинг сейсмик раёнлаштириш харитаси азалдан тузиб келинади. Буни қурилиш соҳаси вакиллари ва кўпчилик кенг доирада фикрловчи қатлам жуда яхши тушунади. Қурилишларимиз шу балларни инобатга олиб қурилади”, — дейди мутахассис.
Куни кеча Ўзбекистонда яқин кунларда яна зилзила содир бўлиши ҳақида турли хабарлар тарқалганди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолатга муносабат билдириб, бугунги кунда дунёнинг ҳеч бир давлатида зилзила содир бўладиган сана ва ҳатто тахминий вақтни башорат қила оладиган технологиялар мавжуд эмаслигини, Ўзбекистон сейсмик фаол зонада жойлашгани сабабли баъзида ер силкинишлари содир бўлиши ва ҳар доим шундай бўлганини билдирганди.
Изоҳ (0)