Қирғизистон ҳамда Тожикистон чегарасидаги вазият 28 апрелда маҳаллий аҳоли вакилларининг сув ресурсларига бўлган эҳтиёжи сабаб юзага келган тўқнашувлар туфайли янада чигаллашди. Ўқотар қуроллар ишлатилган бир нечта сершовқин жанжаллардан кейин чегара ҳудудида икки давлат ҳарбийлари ўртасида ҳам конфликт кузатилди.

Фото: Боткен вилояти ҳарбий ишлар бошқармасининг ахборот хизмати

Томонлар 29 апрель куни Тошкент вақти билан соат 19:00 да ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. «ТАСС» нашри содир бўлган воқеалар кетма-кетлиги асосида маълумотни эълон қилган.

Нималар содир бўлди?

Икки мамлакат аҳолиси ўртасидаги низо Исфара дарёси юқори оқимларидаги «Головной» сув тақсимлаш пункти яқинида бошланди, мазкур жойни иккала давлат вакиллари ҳам ўзлариники деб ҳисоблашади.

Хабарларга кўра, Тожикистон фуқаролари Қирғизистоннинг икки туманини ўзаро боғлаб турадиган автойўлни ёпиб қўйган, қирғизлар эса Тожикистоннинг Ворух анклав ҳудудига олиб борадиган йўлни тўсган.

Қирғизистон чегара хизматининг ахбороти бўйича 29 апрелда икки давлат ҳарбийлари ўртасида отишма содир бўлган. Идора тожик томонининг миномёт ҳисоб-китоб позицияларини эгаллашни ташкиллаштираётганини қайд этган. «24.кг» Қирғизистондаги конфликт ҳудудидан 850 нафар тинч аҳоли вакиллари эвакуация қилингани ҳақида хабар берган.

Фото: AP Photo

Кейинчалик Қирғизистон чегара хизмати Тожикистон ҳарбийларининг «Достук» заставасидаги бир нечта пост ва чегара заставаларига ўт очгани ва у ерда ёнғин содир бўлганини хабар қилди. Мазкур ҳаракатларга жавобан Қирғизистон чегара қўшинларининг махсус отрядлари Тожикистон ҳудудидаги чегара заставасини эгаллаган. Иккала мамлакат чегара қўшинлари ҳарбий низо содир бўлган ҳудудларга қўшимча кучлар юборишни бошлаган.

Икки томон ҳам низода бир-бирини айблади

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тўқнашувлар оқибатида икки нафар одамнинг ҳалок бўлганини маълум қилган. Бундан ташқари, 26 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олиб, яраланган.

Душанбе эса ўн нафар одам тўқнашувлар оқибатида талафот кўргани, икки киши ўқотар қуролдан яраланганини билдирган.

Қирғизистонда содир бўлган воқеалар юзасидан судга қадар тергов жараёни бошланган, Бишкек Тожикистонни сув иншоотини миномёт ва пулемётлар ёрдамида эгаллаб олишга уринганликда айбламоқда. Қирғизистон чегара хизмати тожик томони конфликтни атайин яратишга урингани ва вазиятни кескинлаштиришга ҳаракат қилганини таъкидлаган.

Ўз навбатида Душанбе ҳам Қирғизистон ҳукуматини провокацияда айблаган.

Ўт очиш тўхтатилди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров вазият юзасидан Хавфсизлик кенгашининг қисқа таркиби иштирокида йиғилиш ўтказган ва унда Тожикистон билан чегарадаги вазиятни тинчлик йўли билан ҳал этиш ҳақида топшириқ берган.

Қирғизистон ва Тожикистон ташқи ишлар вазирлари 29 апрель куни Тошкент вақти билан соат 19:00 да ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишиб олди. Шунингдек, томонлар чегара олди ҳудудларида қўшма патруль тадбирлари ва мониторинг олиб бориш масаласини ҳам ҳал этиб олган.

Қирғизистон вазирлар маҳкамасининг матбуот хизмати чегара ҳудудидаги вазият туфайли икки давлат ҳукумат раҳбарлари Қозонда Евросиё ҳукуматлараро кенгашининг йиғилиши доирасида учрашиб, ҳолатни муҳокама қилиши ҳақида хабар берган.

Низога нималар сабаб бўлди?

Қирғизистон томони «Головной» сув тақсимлаш тармоғи Қирғиз Республикасининг стратегик объекти экани ва мамлакат ҳудудида жойлашганлигини айтмоқда.

Душанбе эса 1924–1927 йиллардаги ва 1989 йилдаги хариталарга кўра «Головной» тўлиқ Тожикистонга қарашли деб ҳисоблайди.

Кўп жиҳатдан икки мамлакат ўртасидаги тахминан 980 километрлик баҳсли ҳудуднинг 580 километрга яқин қисми делимитация ва демаркация қилиниши кутилмоқда.

Низо келиб чиқишидан бир неча кун олдин нималар бўлганди?

24 апрелда Қирғизистоннинг икки нафар фуқароси бедарак йўқолди, улар Тожикистон билан чегара ҳудудида қурилишда фаолият олиб борган. Кейинчалик уларни қўшни республика ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳибсга олгани ойдинлашди. Қирғизистонда ҳолат юзасидан жиноий иш очилган. 25 апрелда Тожикистон ҳибсга олинган фуқароларни Қирғизистон ҳукумати ихтиёрига топширган. Иккала фуқаро ҳам Қирғизистоннинг Боткен вилояти Лейлек туманида яшовчи кишилар бўлган.

26 апрелда Тожикистоннинг Қирғизистондаги элчисига норозилик нотаси топширилди. 28 апрелда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистоннинг мамлакатдаги элчиси Жаниш Рустенбековга чегара ҳудудида содир бўлган ҳодиса сабаб норозилик нотаси йўллаган.

«Қирғизистон элчисига Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг нотаси топширилди, унда Ворух тумани Исфара шаҳри Кулик жамоатидаги икки нафар вояга етмаган тожикистонликларга нисбатан Қирғизистон чегара хизмати вакиллари томонидан ноқонуний ҳаракатлар амалга оширилганидан хавотирда эканлиги билдирилган», – дейилади Тожикистон ТИВ хабарида.