6 март Галлей кометасига Вега зонди яқинлашган сана сифатида тарихда қолган. Ҳар 76 йилда Ерга яқинлашуви кузатилаётган, асрлар оралаб одамзот эришган илмий-техник тараққиётни баҳолаб келаётган комета ҳақидаги маълумотлар билан «Дарё» колумнисти Музаффар Қосимов таҳлиллари орқали танишасиз.

Фото: Google Photos

Галлей кометаси одамзотга қадимдан маълум ва яхши таниш комета десак муболаға бўлмайди. Кометанинг осмонда пайдо бўлишига оид илк ёзма манбалар эрамиздан аввалги 240 йилга тааллуқлидир. Комета машҳур инглиз астрономи Эдмунд Галлей шарафига номланган. У биринчилардан бўлиб кометанинг ҳар 76 йилда қайтишини ҳисоблаб берган ва 1531, 1607 ҳамда 1682 йиллардаги комета, аслида, битта кометанинг ўзи эканини исботлаган эди.

Эдмунд Галлей 1742 йилда вафот этди. У ўз асарларидан бирида комета 1758 йилда яна қайтишини таъкидлаб, ўзидан кейинги авлод астрономларига ажойиб интрига қолдириб кетганди.

Комета ҳақиқатан ҳам Галлей айтган вақтда яна осмонда пайдо бўлди ва у аниқ 76 йил даврийликка эгалиги шу тариқа илмий исботланди. Комета 1835 йилда ва 1910 йилда яна қайтди. У замонларда олимлар кометани фақат телескоплар воситасида кузатган эди. Бироқ Галлей кометасининг ҳар сафар 76 йил муддатда қайтиши оралиғида инсоният анчайин илғор илмий-техник прогрессга эришиб борди. Кометани кузатиш учун янги ва мукаммалроқ техник воситаларни қўллади,  у билан янада яқиндан танишди.

Хусусан, 1835 йилдаги қайтишда кометани фақат йирик рефлектор телескопда кўриш ва унга оид ҳисоб-китобларни бажариш мумкин бўлган бўлса, 1910 йилги қайтиш пайтигача эса одамлар аллақачон фотографияни ихтиро қилди ва илк бора кометани суратга олиб, босма нашрларда расмини тарқатиш мумкин бўлди. Қолаверса, комета Ерга жуда яқин келди ва сайёрамиз унинг думини кесиб ўтди. Турли расадхоналарда илк бора Галлей думли юлдузининг 500 га яқин тиниқ фотосуратлари олинди, шунингдек, 100 дан зиёд спектрограммалар орқали унинг ядроси ва думи қандай моддалардан тузилгани аниқланди.

Галлей кометаси 1986 йилда яна Ерга яқинлашиши керак эди. Ҳақиқатан ҳам шу йилнинг февраль ойида унинг яқинлашаётгани телескоплар орқали кўрина бошлади. 1910 йилдан буён ўтган 76 йиллик муддат ичида инсоният эришган мислсиз илмий-техник инқилоб туфайли бу сафар энди олимлар кометани Ердан туриб кузатиш билан чекланмай, унга автомат космик станциялар юборишга ҳам қодир бўлди.

Фото: Google Photos

Хабарингиз бор, одамлар аллақачон (1958 йилдан бери) космосга сунъий йўлдошлар, сайёралараро автомат космик аппаратлар ва ҳатто космонавтларни ҳам учира бошлади (1961 йил Гагарин, 1969 йил Армстронг ва Олдрин). Хуллас, «И операцияси» фильмида айтилгандек, 1986 йиллар космик кемаларимиз коинотни кезиб юрган бир пайт эди.

Кометанинг бу сафарги яқинлашувида унинг тузилиши ва табиатини ўрганиш мақсадида унга томон жаҳоннинг турли мамлакатлари томонидан бир неча зондлар йўлланди. Хусусан, Европа космик агентлигининг «Жотто» аппарати, Япониянинг Suisei ва Sakigake аппаратлари ҳамда Совет Иттифоқига тегишли Вега-1 ва Вега-2 аппаратлари Галлей кометасининг 1986 йилги қайтишида унинг йўлига пешвоз чиқди.

Вега-1 ва Вега-2 аппаратлари номи «Венера» ва «Галлей» сўзларининг биринчи бўғинидан ясалган бўлиб, аппаратлар айнан Венера сайёрасини ва Галлей кометасини фазодан тадқиқ қилиш учун махсус лойиҳаланди ва учирилди. Уларнинг биринчиси 1984 йилнинг 15 декабрида йўлга чиққан бўлса, иккинчи аппаратга олимлар ўша йилнинг 21 декабрида старт берди.

Ҳар иккала старт Бойқўнғир космодромидан амалга оширилган бўлиб, режага кўра Вега-1 ва Вега-2 аввалига Венера сайёрасига учиб бориб, уни тадқиқ қилди. 1985 йил якунида Галлей кометасининг Қуёшга яқинлашув фазаси бошланиши билан ҳар иккала аппарат кометани тадқиқ қилиш режимига ўгирилди ва 1986 йилнинг 10 февралидан бошлаб улар 76 йилда қайтадиган таниш меҳмон томон отланди.

Даставвал Вега-1 аппарати Галлей кометасига 14 миллион километр масофагача яқинлашиб келди. Бу воқеа 1986 йилнинг 4 мартида содир бўлди. Эртаси куни аппарат меҳмонга 7 миллион километргача етиб борди. Ва ниҳоят, 1986 йилнинг 6 март санаси кометани кузатишлар тарихида муҳим тарихий кун бўлиб муҳрланди. Чунки Вега-1 Галлей кометаси ядросига 8 879 километр масофагача яқинлашиб борди ва унинг жуда катта тиниқликдаги суратларини Ерга юборди.

Фото: Google Photos

Кометанинг тузилиши ва таркибига оид кўплаб кимёвий ва физик таҳлиллар амалга оширилди. Ўша куни 20 дақиқа мобайнида Вега-1 Галлей кометасининг яқин меҳмони бўлди. Объектларнинг бир-бирига нисбатан тезлиги 79 км/сонияни ташкил қилди!

Яқинлашув ҳақиқатан ҳам тарихий бўлган эди. Турли нур филтрлари орқали олинган 500 га яқин фотосуратлар воситасида комета ядросининг шакли ва ўлчами аниқланди. Маълум бўлишича, у чўзинчоқ шаклли, яхлит жисм бўлиб, узунчоқ томонининг ўлчами 14 км ва диаметри тахминан 7 км бўлган қорамтир жинс кўринишида эди.

Комета ядроси сиртидаги ҳарорат ҳам ўшанда илк бора аниқ ўлчанди. У +100 ℃ атрофидаги қайноқ жисмлиги маълум бўлди. Аслида, у тунги осмонда юлдуз каби ёрқин кўринса-да, бироқ ядросининг акслантириш кўрсаткичи 5 фоиздан ошмайдиган қора жисм экани аниқланди.

Шунингдек, бу галги яқинлашувда олинган таҳлиллар воситасида кометанинг вазн йўқотиш кўрсаткичини ҳисоблашга эришилди. Галлей кометаси Қуёшга ҳар бир яқинлашуви пайтида тахминан 400 миллион тонна ўз моддасини самога сочиб юбориши маълум бўлди. Унинг думини ташкил қиладиган газларнинг ядродан узилиб чиқиш тезлиги эса 1 км/сонияни ташкил қилар эди. Аппаратларнинг иккинчиси кометага 9 март куни яқинлашди ва у эгизагидан ҳам кўра яқинроқ боришга муваффақ бўлди.

Вега-2 нинг Галлей кометасига энг максимал яқин борган пайтида оралиқ масофа 8 045 км бўлган. У ҳам Ерга 700 га яқин суратлар юборган.

Миссиялар мобайнида олимлар биринчи маротаба кометанинг аниқ шакли ва тузилишини илмий баён қилишга эришди. Жуда кўплаб қимматли маълумотлар олинди.

Галлей кометаси навбатдаги келишига ҳали яна 40 йил вақт бор. Бугун туғилган чақалоқ ўша пайтда 40 ёшга кирган бўлади. Ҳисоб-китобларга кўра, меҳмон бу сафар 2060 йилнинг 9 сентябрида кўриниш беради. Юқорида айтилганидек, Галлей кометасининг ҳар сафарги қайтиш оралиқ муддатини одамзот эришган илмий-техник тараққиётни баҳолаш учун татбиқ қилиш мумкин. Ким билади дейсиз, унгача одамлар космик тадқиқотлар борасида яна қандай илғор қадамлар ташлар экан? Балки, бу сафар астронавт космик кемада ўзи бориб, кометага қўниб, унинг ядросидан намуна олиб қайтар. Ишониш қийин дейсизми? 1910 йилда ҳам кейинги сафар комета келганда у томон аппарат учиб боради, дейишган бўлса биров ишонмаган бўлса керак. Омон бўлсак, ҳаммасини ўзимиз кўрамиз...