Аэронавтика ва космик маконларни тадқиқ қилиш миллий бошқармаси (NASA) Вашингтон штати шарқида содир бўлган ўрмон ёнғинлари сабаб юзага келган «оловли булутлар»нинг ноёб суратларини тақдим этди, деб хабар беради BBC.

Фото: NASA

«Ушбу суратлар жуда ноёб. Айниқса, бу каби ракурсдан олинганда», — дейди NASAнинг етакчи синоптиги Девид Питерсон.

Суратлар NASA метеорологлари жамоаси томонидан Douglas DC-8 самолёти бортидан туриб олинган. Самолёт «оловли булутлар» орқали 8 август куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 20:00 да, 9 километр баландликдан учиб ўтган.

Фото: NASA

Пирокумулятив булутлар олов ҳосил қилган конвектив ҳаво оқимининг юқорига кўтарилиши сабабли пайдо бўлади. Ушбу илиқ ҳаво оқимининг юқорига кўтарилиши ва конденсация даражасига етиши шу турдаги булутларни шакллантиради.

NASA ва NOAA олимлари булутларнинг кимёвий таркибини ўрганиб, унинг ҳаво ва иқлимга таъсирини аниқлашмоқда.