Ўзбекистонда хуфёна иқтисодиёт даражаси тахминан 45—46 фоизни ташкил этмоқда. Бу ҳақда 22 июль куни Иқтисодиёт ва саноат вазири журналистлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов.

Ботир Хўжаев

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Мулоқот жараёнида Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев ҳозирги вақтда Ўзбекистонда хуфёна иқтисодиёт даражаси бир мунча баланд кўрсаткични қайд этишини маълум қилди.

«Тадқиқотларимиз натижасига кўра, бугунги кунда Ўзбекистоннинг хуфёна иқтисодиёт даражаси тахминан 45—46 фоизни ташкил этмоқда. Хуфёна иқтисодиёт ривожланган мамлакатларда ҳам бор. Лекин унинг иқтисодиётдаги улуши қанчалигига қараб баҳоланади. Бизнинг иқтисодиётимизда бу даража бир мунча баланд», — деди вазир Ботир Хўжаев.

Унинг қўшимча қилишича, хуфёна иқтисодиётдан чиқишда валюта сиёсатини либераллаштириш ва даромад солиғидаги ўзгаришлар сезиларли ҳаракат бўлган.

«2017 йилнинг 5 сентябридан бошлаб валюта айрибошлашда битта курсга ўтиш қабул қилинганди. Бу хуфёна иқтисодиётдан чиқишдаги энг асосий қадам бўлган. Шунингдек, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини 12 фоизга пасайтириш ҳам хуфёна иқтисодиётдан чиқишнинг бир йўлики, бу аҳоли ўзининг даромадини очиқ кўрсатишига олиб келади», — дея таъкидлади вазир.