Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари Тошкент Халқаро аэропортида Россияда жасорат кўрсатиб, «Яхшилик қилишга шошилинг» («Спешите делать добро») медали билан тақдирланган Оламафрўз Абдуллаевни кутиб олди. Бу ҳақда «Дарё»га Ёшлар медиа маркази маълум қилди.
У 2018 йилнинг 31 декабрь куни Магнитогорск шаҳридаги турар жой биноси портлашидан кейин ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ёрдам беришга ошиққан ва Россия ФВВ қутқарувчилари келгунга қадар вайроналар орасидан 8 кишини қутқариб қолган. 2019 йилнинг 6 февраль куни Челябинск вилояти губернатори Борис Дубровский ва ҳудуднинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Маргарита Павлова Ўзбекистон фуқаросига медални топширди.
Довюрак йигитнинг хизматлари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ва бош консулхона вакиллари томонидан ҳам муносиб рағбатлантирилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Бегмат Очилов Оламафрўзнинг фазилатлари ёшларга намуна бўлишини таъкидлади.
—Ўша куни ҳодиса жойига шошилдим. У ерга йиғилганларнинг аксарияти ёнғинни тасвирга олиш билан овора эди. Бинонинг учинчи, еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи қаватларида ёнғин кўтарилганди. Учинчи қаватдаги аёлга кўзим тушди ва ўша хонадонга отилдим. Иккита ёш бола ва бир аёлни кўчага олиб чиқдим. Сўнг тепа қаватларга кўтарилиб, у ердан ҳам 5 кишини алангадан қутқариб, хавфсиз жойга олиб ўтдим, — дейди Оламафрўз Абдуллаев. — Мен бу кўмакни қаҳрамонлик дея олмайман. Менинг ўрнимда бошқа ўзбек йигити бўлганда ҳам инсонларни оловда жабрланишини тасвирга олгандан кўра қутқаришни афзал биларди. Бу гапларни Россияда медаль билан тақдирлашганларида ҳам айтганман. Тўғриси, ўша кун тақдирлаш ва Россиянинг ҳар қандай университетига талабаликка имтиёз берилишидан бироз ҳижолат ҳам бўлдим ва бу имтиёзни рад этдим. Чунки инсонларни ўз манфаатим учун, талаба бўлиш учун қутқариб қолмаганман.
7 йилдан буён Россияда қурилиш соҳасида меҳнат қилиб келаётган Оламафрўз спортнинг бир қанча турлари билан мунтазам шуғулланиб келмоқда, «Кудо» ва «Грепплинг» йўналишлари бўйича муваффақиятларга эришган. Келгусидаги мақсади эса Ўзбекистон Миллий гвардияси қўшинлари сафида хизмат қилиш. У жорий йилда Миллий гвардия ҳарбий-техника институтига ўқишга кириш ниятида эканлигини билдирди.
Изоҳ (0)