Минтақавий сиёсатда яна фаоллашган Ўзбекистон жанубий қўшниси — Афғонистонга алоҳида эътибор қаратмоқда. Яқинда ўтказилган Тошкент конференцияси, Афғонистон раҳбарияти билан яқин муносабатлар, ўзаро сафарлар шундан далолатдир.
Яқин тарихда бу икки қўшни давлат турли шаклдаги алоқаларга киришиб келган. Бу алоқаларнинг айрим қизиқарли жиҳатлари кўпчиликка таниш бўлмай, фақат мутахассисларгагина маълум. Шу муносабат билан Ўзбекистон – Афғонистон алоқаларидан айрим лавҳаларни эсга олишга қарор қилдик.
Афғонистон ва Бухоро ўртасидаги баҳс
1747 йили Қандаҳор шаҳрида пуштунларнинг ҳилзай қабиласи вакили Аҳмадшоҳ Дурроний сюзерени — Эрон шоҳи Нодиршоҳнинг вафотидан фойдаланиб, мустақил Афғонистон давлатини эълон қилди. Афғонистон тарихи шу санадан бошланди.Дурронийлардан сўнг ҳокимиятга келган Баракзай сулоласи даврида Афғонистон секин-аста кучайиб, ҳудудларини шимолга томон кенгайтириб борди. У пайти Амударёнинг жанубий соҳилида Бухоро амирлигига қисман бўйсунувчи Балх, Қундуз, Шибирғон, Маймана сингари қатор бекликлар мавжуд эди. Амир Дўстмуҳаммадхон асосан ўзбеклар истиқомат қилувчи янги бўйсундирилган шимолий бекликларни ягона Туркистон вилоятига бирлаштирди ҳамда бу ерга пуштунларни кўчириш сиёсатини бошлаб берди. 1860-йилларга келиб бу бекликлардан фақат Майманагина мустақил бўлиб қолаётган эди.
Дўстмуҳаммадхоннинг вафотидан сўнг (1863) Бухоро амири Музаффархон Майманани ва бошқа бекликларни қайтариб олишга уриниб кўрди, аммо унинг саъй-ҳаракатлари муваффақиятсиз якунланди. Шу даврда шимолдан бошқа, жиддийроқ душман — Россия империяси бостириб келди. Бу амирни Афғонистон масаласини тўхтатиб, Россияга қарши куч тўплашга мажбур этди.
Сир дар мулки Ўзбакистон шуд...
Афғонистонликлар Бухоро амирлигини бой-бадавлат мамлакат ҳисоблар эди. XIX асрнинг иккинчи ярмида Афғонистондан Бухорога ишлаш ёки савдо билан шуғулланиш учун келишлари одатий ҳол эди. Бу ҳолатни ўша даврда яшаб ижод қилган афғонистонлик шоир Ниёзий Балхий қуйидагича тасвирлаган эди:Ҳар фақире, ки омад аз Кобул,
Сир дар мулки Ўзбакистон шуд.
(Кобулдан келган ҳар фақир Ўзбекистон давлатида бойга айланди — Бухоро амирлигининг иккинчи номи Ўзбекистон эди)
Совет ҳокимиятидан қочиб келганларнинг умумий сони 200 минг кишидан ошар эди. Улар орасида бухороликлар, хиваликлар ва қўқонликлар бор эди, лекин мутлақ кўпчилик Бухородан бўлгани боис маҳаллий аҳоли уларни бухороликлар деб атарди.
Бундан ташқари, Бухоро амири Олимхон қариндошлари ва аъёнлари билан, қўрбошилар Шермуҳаммадбек, Иброҳимбек лақай ва Фузайл Махсум одамлари билан, шунингдек, Усмон Хўжаев бошчилигидаги жадидлар Афғонистонда ўрнашиб, СССРга қарши зимдан кураш олиб борди.
Омонуллахон амир Олимхонга Кобул четидаги Қалъаи Фату қўрғонини тортиқ қилди ва нафақа тайинлади. Амирликнинг собиқ амалдорлари ва қўрбошилар унинг атрофида жипслашди. Муҳожирларнинг энг илғор қатлами бўлмиш жадидларни эса Ғарб давлатлари ҳамда Усмонли салтанатининг дипломатик миссиялари қўллаб-қувватлаган, улар дунё бўйлаб эркин ҳаракатланиши учун визалар тақдим этган эди.
Омонуллахон ва амирнинг салласи
У пайтлар Афғонистон минтақанинг энг тезкор суръатларда ривожланаётган давлати ҳисобланар эди. Афғонистон Осиёда Ғарб мустамлакачилари томонидан бўйсундирилмаган уч давлатдан бири эди (қолган иккиси — Усмонли салтанати ва Қожар давлати). Омонуллахон 1919 йилги Учинчи Инглиз-Афғон урушида ҳам ғалаба қозониб, мамлакат мустақиллигини тўлиқ таъминлаган эди.Шунга қарамай, у Ғарб давлатлари, хусусан, Буюк Британия билан яқин алоқаларни йўлга қўйган бўлиб, мамлакатни ривожлантиришга, замонавийлаштиришга, саноатлаштиришга уринаётган эди. Омонуллахон шу пайтгача шариат асосида бошқариб келинган Афғонистонни дунёвий давлатга айлантириш мақсадида ўзини қирол деб эълон қилди ҳамда секуляр ислоҳотларни бошлаб юборди. 1923 йили конституция қабул қилинди, ер-мулк олди-сотдисига рухсат этилди, солиқ пул билан тўланадиган бўлди, дунёвий ўқув муассасалари очилди. Унинг даврида Афғонистонда жамоат жойларида диний бош кийимда юриш мумкин эмас эди. Бир куни амир Олимхон бошида каттакон салла билан кечки Кобулда кезиб юрганида полиция томонидан тўхтатилиб, салласи ечтирилган эди. Бу воқеа ўзини мусулмонлар раҳнамоси деб билувчи амирнинг нафсониятига текканидан у Омонуллахонни хуш кўрмас эди.
Афғонистоннинг диний арбоблари ҳам қиролдан норози бўлиб, унга қарши халқни қўзғай олди. Натижада Омонуллахон 1929 йили тахтдан воз кечди ва Италияга чиқиб кетди, унинг ўрнига ҳокимият тепасига келган Ҳабибулла Бачаи Сақо яна диний давлат асосларини тиклади.
Биринчи Совет-Афғон уруши
Барча яхши биладиган Совет-Афғон уруши (1979–1989) аслида бу икки давлат ўртасидаги иккинчи ҳарбий ихтилофдир. Биринчи уруш иккинчисидан роппа-роса 50 йил олдин бўлиб ўтган эди.СССР Афғонистонда ўрнашиб олган 200 минг кишилик бухороликлар диаспорасига катта ҳадик билан қарар эди, зеро қўрбошилар тез-тез Афғонистондан Ўзбекистон ССР ҳудудига ўтиб, совет аскарларига ҳужум уюштирар, инфраструктурани вайрон қиларди, зиёлилар эса тарғиботи билан совер фуқароларини «йўлдан урарди». Бухороликлар Афғонистон шимолида, СССР чегарасига яқин ҳудудда яшаши советларни ташвишга солмай қўймас эди. Дипломатик йўллар билан Афғонистонни бухороликларни кўчиришга мажбур эта олмаган Москва ҳарбий куч ишлатишга қарор қилди.
1929 йили Омонуллахоннинг тахтдан воз кечишидан сўнг бошланган тўполонлардан фойдаланган Қизил армия қўшилмалари ҳужумни бошлади. 1929 йил 15 апрелда, Рамазон ойининг охирги кунларида совет самолётлари ҳаво чегарасини бузиб ўтди. Бир муддатдан сўнг Виталий Примаков бошчилигидаги отряд Термиз яқинидан Афғонистон ҳудудига бостириб кирди (орадан 50 йил ўтиб, яна бир совет отряди худди шу ердан Афғонистонга киради). Замонавий ҳарбий машиналарни кўриш учун казармалардан ташқарига югуриб чиққан 50 нафар афғон чегарачисидан 48 нафари шу заҳотиёқ отиб ташланди. Бир ҳафта ичида — 22 апрелга келиб советлар Мозори Шарифни эгаллади. 26 апрель куни иккинчи отряд чегарани кесиб ўтди. Шаҳарлар самолётлардан бомбаланди.
Совет қўшини расман Омонуллахон ҳокимиятини тиклаш учун келган бўлса ҳам, унинг асосий нишони бухороликлар эди. Улар бухороликлар истиқомат қилувчи қишлоқ ва маҳаллаларга ҳужум қилиб, тинч аҳолини ўққа тутар, уларни чегарадан узоқроқ ерларга кўчиб кетишга мажбур қилар эди.
Бироқ совет қўшинлари Мозори Шарифда қўрбошилар ва маҳаллий кўнгиллилар томонидан қуршаб олинди. Катта талафот кўрган Примаков Кобулдан ҳам ёрдам келаётганини эшитиб, чекинишга қарор қилди.
Иккинчи жаҳон уруши
Иккинчи жаҳон уруши йилларида амир Олимхон атрофида бирлашган бухороликлар ва қўқонликлар гуруҳи Ўзбекистондан советларни қувиб чиқаришга бўлган охирги уринишни амалга оширди. Қўрбоши Шермуҳаммадбек ҳамда амир Олимхоннинг куёви Мубашширхон Тарозий Гитлер Германияси билан алоқа ўрнатиб, СССР ҳудудига бостириб кириш ҳамда ҳокимиятни эгаллаш режасини туза бошлади. Ҳатто Тарозий бошчилигида қувғиндаги ҳукумат ҳам таъсис этилди.Лекин Афғонистон ҳудудида ишлаган совет агенти Баҳром Иброҳимов (Маҳмуд Ойқорли) уларнинг режаларига тўсқинлик қилиб, фитнанинг ўндан ортиқ иштирокчиларини ҳибсга олди ёки йўқ қилди. Фашистлар билан алоқаларда гумонланган кўплаб бухоролик ёшлар ва зиёлилар ҳибсга олинди, улар орасида Олимхоннинг ўғли ҳам бор эди. Совет ҳокимиятини ағдаришни мақсад қилган «Фаола» ва «Ёш Туркистон иттифоқи» сингари ҳаракатлар тугатилди. Совет элчихонасининг талабига биноан 1944 йил бошида бухороликлар шимолий вилоятлардан депортация қилинди. Гувоҳларнинг таърифлашича, қиш қаҳратонида аёллар, болалар ва қариялар кўчага ҳайдаб солиниб, пиёда юзлаб километр юришга мажбур этилган. Ҳомиладорлар йўл четида туғишга мажбур бўлган, кексалар, касаллар ва очлар ўлиб, кўмилмай қолиб кетган. Тожик тарихчиси Камолиддин Абдуллаев бу воқеани Сталин буйруғига биноан амалга оширилган геноцид акти сифатида баҳолайди.
Афғонистон подшоҳи Зоҳиршоҳ ҳукумати, шубҳасиз, СССРга нисбатан анча демократик эди. Совет таъсирининг бироз сусайиши билан ҳибсга олинганлар қўйиб юборилди, депортацияга учраган бухороликларнинг ҳуқуқлари тикланди. Шунга қарамай, Бухоро муҳожирлари батамом ўз кучини йўқотиб, бутун мамлакатга тарқатиб юборилди, маҳаллий ўзбекларга қоришиб кетди. Ҳибсга олишлар такрорланишидан қўрққан зиёлилар ва фаоллар тез орада Туркияга, Эронга, Ҳиндистонга, Саудия Арабистонига, Буюк Британияга, Германияга чиқиб кетди.Бугунги Афғонистонда ўзбеклар
Ўзбеклар сон жиҳатдан Афғонистоннинг учинчи этник гуруҳи бўлиб, расмий маълумотларга кўра, уларнинг адади 3 миллиондан кўпроқ. Ўзбеклар бу ерларга икки оқим билан келган: 1) Шайбонийлар ва Аштархонийлар сулолалари даврида (XVI–ХVII асрлар) келиб, ўрнашиб қолган ўзбеклар; 2) Совет ҳокимиятидан қочиб, Бухородан, Хивадан ва Қўқондан кўчиб келган ўзбеклар.
Ўзбеклар асосан Туркистон (Самангон, Балх, Сарипул, Фарёб, Жузжон, Бодғис вилоятлари) ва Қатағон (Бадахшон, Таҳор, Қундуз, Боғлон вилоятлари) минтақаларида истиқомат қилади.
Афғонистонлик ўзбеклар Ўзбекистондан ташқаридаги энг йирик ва энг фаол ўзбек жамоаси бўлиб, улар ўзлигини сақлашга, тарихини ўрганишга, маданиятини ривожлантиришга катта эътибор беради. Бу фаолиятларида улар Ўзбекистоннинг ёрдамига катта умид боғлайди.
Улар айниқса Темурийлар тарихига алоҳида ҳурмат билан қарайди, негаки бу сулола даврида ҳозирги Афғонистонда жойлашган шаҳарлар, хусусан, Ҳирот йирик маданий ва сиёсий марказга айланган, Темурийлар ренессансининг кўплаб буюк вакиллари, шу жумладан, Алишер Навоий Афғонистон заминида яшаб ўтган.
Афғонистонлик ўзбекларнинг тарихга бўлган муносабати бир масалада Ўзбекистон ўзбеклариникидан фарқланади. Совет даврининг охирги ўн йилликларида Ўзбекистонда айрим сабабларга кўра Шайбонийхон ҳамда у асос солган давлат ёмонотлиқ қилинди. Бугунга қадар кўпгина ўзбек тарихчилари Шайбонийлар сулоласининг давлатчилик ва маданият ривожига қўшган ҳиссасига асоссиз равишда паст баҳо беради. Афғонистонлик ўзбеклар эса Шайбонийлар сулоласи ҳақидаги хотирани ардоқлаб келади. Биринчидан, Афғонистон ўзбекларининг кўпчилиги айнан Шайбонийлар шарофати билан бугунги ерларида ўрнашган. Иккинчидан, Шайбонийлар даврида, сўнг Бухоро амирлиги замонида бугун Афғонистон ўзбекларининг норасмий пойтахти ҳисобланадиган Мозори Шариф (эски Балх) иккинчи пойтахт бўлган, бу факт уларга чексиз ғурур бағишлайди. Шу боис афғонистонлик ўзбеклардан «хони Бухорода, валиаҳди Балхда ўтирган буюк миллатмиз» каби эътирофларни тез-тез эшитиш мумкин.
«Ҳиротлик ўзбак...»
Дунёдаги биринчи ўзбек миллий маданий маркази 1990 йили Афғонистонда ташкил этилган. Маданий марказ ўтказган дастлабки тадбир эса Алишер Навоийнинг 550 йиллигига бағишланган конференция бўлган. Айтишларича, Кобулда конференция бошланганида залга таниқли афғонистонлик шоир, пуштун миллатчиси Сулаймон Лойиқ кириб келган. У бир неча соат давомида хўмрайганча маърузаларни тинглаган, тадбир якунида эса сўз олиб, минбарга чиққан.«Мен шу пайтгача Алишер Навоийни ҳиротлик бир ўзбак деб юрар эдим. Бугун иймон келтирдимки, у дарҳақиқат буюк шоир экан», — деган Лойиқ. Шундан сўнг у залда ўтириб, Алишер Навоийга бағишлаб ёзган пуштунча шеърини ўқиб берган.
Манбалар
Камолиддин Абдуллаев. Шинжондан Хуросонгача. ХХ аср Ўрта Осиё эмиграцияси тарихидан. — Душанбе, 2009 (рус тилида).Насриддин Назаров. Афғонистон ўзбеклари. — Тошкент, 2011.
Изоҳ (0)