Ашхободда Made in Uzbekistan миллий саноат кўргазмаси иш бошлади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мазкур кўргазма Туркманистонда Ўзбекистон миллий саноат маҳсулотлари ва инвестициявий салоҳиятини намойиш этиш, ушбу мамлакат компаниялари билан тижорий-шериклик шартномалари тузиш, ишбилармон доираларни юртимизнинг илмий-ишлаб чиқариш салоҳияти билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилди. Унда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 100 дан ортиқ йирик саноат корхоналари ва тадбиркорлар иштирок этмоқда.
Икки блокдан иборат ярмарка павилонларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кенг турдаги саноат маҳсулотлари, жумладан, тўқимачилик, озиқ-овқат, чарм-пойабзал, маиший техника, қурилиш моллари ва бошқа маҳсулотлар намойиш этилмоқда.
Кўргазма доирасида Ўзбекистон ва Туркманистон ишбилармон доираларининг бизнес-форумини ташкил этиш режалаштирилган. Унинг доирасида қиймати бир неча миллион долларга тенг экспорт шартномалари имзоланиши мўлжалланмоқда.
Изоҳ (0)