Рио—2016 Паралимпиадасида муваффақиятли иштирок этган ўзбекистонлик сузувчилар 27—30 апрель кунлари Буюк Британиянинг Шеффилд шаҳрида ўтган халқаро турнирда ҳам муваффақиятли иштирок этди. Бу ҳақда Миллий Паралимпия қўмитаси матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Жаҳон серияси туркумига кирувчи халқаро мусобақада 45 давлатнинг 575 нафар спортчиси иштирок этди. Бунда Ўзбекистон делегация сафидаги спортчилар 6 нафарни ташкил қилди. Улар жами 9 та медални қўлга киритишга муваффақ бўлди: 3 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза.
Дмитрий Хорлин 200 метрга комплекс усулида сузишда 2 дақиқа-ю 16.14 сониялик натижа қайд этди. У 400 метрга эркин сузишда 04:11.41, 100 метрга баттерфляй усулида сузишда 00:59.21 натижаларни кўрсатди. Бу кўрсаткичлар Дмитрий Хорлинга ҳар уч усулда ҳам олтин медалларни тақдим этди.
Музаффар Турсунхўжаев эса аввалига 50, кейин эса 100 метрга эркин сузишда 2 та кумуш медаль соҳиби бўлди.
Паралимпия ўйинларида қаҳрамонлик кўрсатган аёл спортчилар — Шоҳсанам Тошпўлатова ва Фотима Амилова ҳам Британиядан совриндор бўлиб қайтди. Бунда Тошпўлатова учта медалга эга чиқди. Спортчи 50 метрга эркин усулда сузишда учинчи натижа кўрсатди ва бронза медали билан чекланди. 200 метрга комплекс ҳамда 100 метрга баттерфляй сузишда эса кумуш медалларга эга чиқди.
Фотима Амилова 100 метрга брасс усулида сузиб, якунда бронза медали соҳибаси бўлди.
Изоҳ (0)