Кеча — 28 апрель куни Ўзбекистон футбол федерацияси мамлакатнинг 2016 йилдаги энг яхши футболчиси ва мураббийи номини ошкор қилди.
ЎФФ матбуот хизматининг қайд этишича, Одил Аҳмедов 2016 йилнинг энг яхши футболчиси номига сазовор бўлди. Овоз бериш жараёнида мамлакат миллий терма жамоаси сардори 33 очко тўплашга муваффақ бўлди.
Маълумот учун: Одил Аҳмедов бунга қадар 2009, 2011, 2014 ва 2015 йилги мавсумларда ҳам Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси бўлган.
Сўровнома натижаларига кўра, 2016 йилги мавсумни Ўзбекистон чемпионатида тўпурар бўлиб якунлаган «Локомотив» ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов 22 очко билан иккинчи бўлди.
Бу қизиқ. Одил Аҳмедов 2016 йилги мавсумни Россиянинг «Краснодар» клуби сафида, Абдухолиқов эса Ўзбекистоннинг «Локомотив» клубида ўтказганди. Сўровнома натижалари эълон қилинганида Абдухолиқов Қатарнинг «Ас-Сайлия» клуби билан Юлдузлар лигасининг битта даврасини якунлади. Аҳмедов эса Хитойнинг «Шанхай СИПГ» клубида уч ой меҳнат қилди.
2016 йилнинг энг яхши мураббийи сифатида Рўзиқул Бердиев тан олинди. «Насаф» бу мураббий билан чемпионатнинг бронза медалларини қўлга киритганди. Олтин ва кумуш медалга эга чиққан «Локомотив» ҳамда «Бунёдкор»ни хорижлик мутахассислар — австралиялик Мирко Еличич ҳамда россиялик Сергей Лушчан бошқаргани боисидан, ОАВ уларга овоз бериш ҳуқуқига эга эмасди.
Шунга қарамай, «Локомотив» матбуот анжуманларида иштирок этадиган Андрей Микляевга иккинчи ўрин насиб қилди. «Темирйўлчилар» ўтган мавсум нафақат мамлакат чемпиони ва кубоги соҳиби бўлди, балки Чемпионлар лигасининг чорак финалига қадар етиб борди.
Жаҳон чемпионатига чиқа олмаган бўлса-да, Ўзбекистон ёшлари билан мухлисларга манзур футбол кўрсата олган Жасур Абдураимов кучли учликни якунлади.
Бу қизиқ. ЎФФ энг яхшилар номини ошкор қилгунига қадар Жасур Абдураимов икки бор жамоа алмаштирди. У аввалига Ўзбекистон U22 термасига устозлик қилган бўлса, кейин Тошкентнинг «Пахтакор» клуби бош мураббийи сифатида таништирилди.
Маълумот учун: Мирко Еличич ва Сергей Лушчанга овоз бериш мумкин бўлмаса-да, «Эрудит Спорт» газетаси ва «Стадион» сайти «Бунёдкор» мураббийини иккинчи ўринга жойлаштирган, «Футбол Экспресс» эса унга учинчи ўринни берган. «Футбол Экспресс», шунингдек, Мирко Еличични 1-ўринга лойиқ кўрган.
Изоҳ (0)