Таиландда сўнгги ҳафта ичида Зика вирусига чалинишнинг 20 та янги ҳолати аниқланди. Ушбу маълумотларни мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Касалликка чалинишнинг янги ҳолатлари мамлакатнинг тўртта провинциясида қайд этилди. Вазирликнинг маълум қилишича, барча ҳолатлар тиббиёт ходимлари ва эпидемиологлар назорати остига олинган.
Бангкок маъмуриятининг хабар беришича, 2016 йил бошидан буён Таиланд пойтахтида Зика вирусига чалинишнинг 8 та ҳолати аниқланган эди. Шулардан иккитаси ҳомиладор аёлларда кузатилган. Ҳомиладор аёллардан бири соғлом фарзандни дунёга келтирди, аммо она ва бола ҳамон шифокорлар кузатуви остида бўлиб турибди.
Аввалроқ Таиланд қироллиги жорий йилнинг ярмида мамлакатнинг 10 та провинциясида 97 кишининг Зика вирусига чалиниши ҳақида маълумот берган. Кейинроқ касаллик туфайли 6 киши ҳалок бўлгани маълум қилинган.
2012–2015 йиллар давомида Таиланд ҳудудида Зика вирусига чалинишнинг йилига атиги 5 тагача ҳолати кузатилар эди.
Изоҳ (0)