Профессионал бокснинг супер оғир вазн тоифасида фаолиятини давом эттираётган ўзбекистонлик спортчи Аҳрор Миролимов ўзининг навбатдаги жангини 31 январь куни ўтказади. Ҳозирча рақиб боксчининг номи маълум эмас, деб хабар бермоқда «Olamsport».
Ҳар қандай ҳолатда ҳам 31 январь куни Миролимов профессионал рингдаги ўзининг 17-жангини ўтказади. Ўзбекистонлик боксчи барча 16 та жангда ғалаба қозонган. Муддатидан аввал нокаут билан қозонган ғалабалари сони 13 тани ташкил этмоқда.
Аҳрор Миролимов бир неча йилдан бери АҚШнинг Хьюстон шаҳрида мураббий Кен Ричардсон қўл остида шуғулланиб, ўз жангларини ўтказиб келяпти.
Эслатиб ўтамиз, Миролимов шу йил кузда WBA NABA йўналиши бўйича АҚШ чемпионлигини қўлга киритган эди. У Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган бокс оқшомида ушбу камар эгаси Жейсон Бергманни муддатидан аввал нокаутга учратганди.
Изоҳ (0)