Вьетнамда давом этаётган футзал бўйича Осиё чемпионати ярим финалида Ўзбекистон миллий терма жамоаси қитъанинг энг кучли терма жамоаси – Эронга 10:0 ҳисобида имкониятни бой берди. Бу ҳақда Uff.uz хабар берди.
8 май, пайшанба куни Вьетнамнинг Хошимин шаҳрида жойлашган Пҳу То стадионида ўтказилган баҳс тақдири биринчи бўлимдаёқ ҳал бўлиб улгурди. Алиризо Вафоий учрашувнинг 1-дақиқасидаёқ ҳисобни очган бўлса, Ҳусайн Тойибий, Асқар Ҳасанзода, Аҳмад Исмоилпур ва Воҳид Шофеий томонидан киритилган голлардан сўнг Эрон терма жамоаси танаффусга 5:0 ҳисобидаги устунлик билан чиқиб кетди.
Ўзбекистонлик футзалчилар иккинчи бўлимда ҳам кучли рақибга қарши жиддий қаршилик кўрсата олмади. Якуний ҳисоб — 10:0 ва Эрон терма жамоаси мусобақанинг финалига йўл олди. Ўзбекистон эса учинчи ўрин учун баҳс олиб борадиган бўлди.
Вьетнамдаги мусобақани якунлаб берадиган финал ва 3-ўрин баҳслари 10 май, шанба куни ўтказилади. Тошкент вақти билан 14:00 да Ўзбекистон миллий терма жамоаси 3-ўрин учун Қувайт терма жамоасига қарши баҳс олиб борса, 17:00 да бошланадиган ўйинда ярим финалда Қувайтни 6:1 ҳисобида мағлуб этган Япония Эронга рақиб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Баҳодир Аҳмедов қўл остидаги Ўзбекистон футзал терма жамоаси мусобақа гуруҳ босқичида Қирғизистон билан дуранг ўйнади (2:2), Япония (2:1) ва Жанубий Корея (3:0) терма жамоаларини мағлубиятга учратди. Ливан терма жамоасига қарши кечган чорак финал ўйинида эса ўзбекистонлик футболчилар 6:2 ҳисобида зафар қучган эди.
Изоҳ (0)