Россияда ҳарбийлар қабрини суратга олган шахсларни намойишкорона ушлаш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу ҳақда “Медиазона” нашри муҳаррири Дмитрий Трешчанинга таяниб, Meduza хабар берди.
Маълум қилинишича, хавфсизлик кучлари ҳибсга олинган бир қатор вилоятлар аҳолисини камера қаршисида узр сўрашга мажбур қилган. Журналистнинг сўзларига кўра, охирги вақтларда “Медиазона” урушда ҳалок бўлган россияликларнинг қабри суратига пул таклиф қила бошлаган.
Трешчанин ушбу маълумотлар фирибгарларни қизиқтираётганини айтди. Улар бир неча бор нашрдан ҳали эълон қилинмаган маълумотлар базасини сотиб олишга уринган. Қабр суратлари, жумладан, қариндошларни алдаш учун ишлатилади. Журналист бу схема тафсилотларини келтирмади. Бироқ у муҳим огоҳлантириш берди. Агар одамнинг телефонида суратлар ва буюртмачи билан ёзишмалар топшилса, ФСБ уни давлатга хиёнатда айблаши мумкин.
Иш худди топшириқ Украина махсус хизматларидан келгандек расмийлаштирилади. Қолаверса, бундай таклифларни жиноятчиликни очиш кўрсаткичини ошириш учун хавфсизлик ходимларининг ўзлари ҳам юбориши мумкин.
Ўтган ҳафта охирида Ярославлда яшовчи кишига нисбатан давлатга хиёнат бўйича жиноий иш қўзғатилгани маълум бўлди. Айбловга кўра, у 2024-йилнинг октябрь ойидан бошлаб россиялик ҳарбийларнинг қабрларини тизимли равишда суратга ва видеога олган. Сўнгра бу материалларни Украина махсус хизматларига юборган.
Нашрнинг қайд этишича, сўнгги бир ой ичида Ярославл вилоят суди сайтида давлатга хиёнат бўйича камида иккита жиноий иш пайдо бўлган. Июнь ойи охирида эса Томск вилоятининг бир неча резидентини шундай иш бўйича ҳибсга олинган. Уларнинг аниқ сони очиқланмаган.
“Медиазона” BBC рус хизмати билан биргаликда урушда ҳалок бўлган россияликлар сонини ҳисоблаб бормоқда. Нашр илгари кўнгиллилардан Россия қабристонларидаги янги қабрлар суратини юборишни сўраганини таъкидлади. Эндиликда эса нашр бундай қилмасликни қатъий тавсия этмоқда.








